Таниқли хонанда Санобар Матмуродова 54 ёшида вафот этди

Ўзининг дилтортар қўшиқлари билан самарқандликларнинг қалбидан жой олган Санобар Матмуродова асли хоразмлик эди. Унинг вафот этгани ҳақидаги хунук хабар кўпчиликни қайғуга солди. 

С.Матмуродова 1968 йилда Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилди. 12 ёшида тор чалишни ўрганди, Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитовага шогирд тушди.

1994 йилда Самарқанд давлат университетининг мусиқа факультетида таҳсил олди.

Шундан кейин унинг ҳаёти бевосита Самарқанд билан боғланди. Шу ерда яшади, шу ерда ижод қилди, эл хизматида бўлди, халққа танилди, мухлислар орттирди.

С.Матмуродовада аёлларда камдан кам учрайдиган овоз бор эди. Ижоди, фаолияти давомида Самарқандда ўнлаб шогирд тайёрлади.

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти ва Zarnews.uz сайти жамоаси самарқандлик мухлислар номидан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.