Танзила Норбоева одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро анжуманда иштирок этди

Бугун, 20 июль куни ЕХҲТ Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакил ва мувофиқлаштирувчи идораси томонидан “Жазосизликнинг олдини олиш: Одам савдосига қарши самарали суд жараёни орқали адолатни тиклаш” мавзусида видеоконференцалоқа тарзида 20-халқаро анжуман ўз ишини бошлади.

Унда ЕХҲТга аъзо бўлган 57 та давлат ва ушбу ташкилотнинг одам савдосига қарши курашиш Алянсининг 11 та ҳамкорлари, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро оммавий ахборот воситалари, бизнес ҳамда илмий доира вакиллари иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси таркибида Сенат Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Норбоева, қолаверса, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашмоқда.

Конференцияда одам савдосига қарши курашиш борасидаги илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда ЕХҲТ томонидан Ўзбекистон асосий маърузачи сифатида танланди. Олий Мажлис Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Т.Норбоева мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, жумладан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, одам савдосидан жабрланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу турдаги жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан батафсил ахборот берди.

Хусусан, сўнгги йилларда бу соҳада 15 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, Президент Фармони билан Сенат Раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил қилиниб, ушбу масала бўйича “Миллий маърузачи” институти жорий этилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, Миллий комиссия томонидан халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида мамлакатимизда одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари тўғрисида сўз юритилди. 

Ҳар бир мамлакат одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашда суд идоралари қонун устуворлиги, ижтимоий адолатни ўрнатиши, жиноятларни судларда кўришда жазо муқаррарлиги принципига қатъий амал қилиниши лозимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, одам савдоси жабрланувчиларини идентификация қилиш тартибини жорий этиш ва халқаро шериклар билан уларнинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш зарурлигига урғу берилди.

Конференцияда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур йўналишга оид жиноятчилик кўрсаткичлари камайиб бораётгани, бу жараёнда фуқаролик жамияти институти, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнига юқори баҳо берилди.

Шунингдек, одам савдосига оид жиноятлар билан шуғулланадиган органлар ходимларининг малакасини ошириб бориш, ўзаро тажриба алмашишларни йўлга қўйиш, бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.