Тақиқланган материалларни Facebook'га жойлаб келган аёл қамоққа олинди
Олий суд ахборот хизмати Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистонда тақиқланган шахсларнинг материалларини тарқатиб келган 26 ёшли М.Мансурова бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, у ўз саҳифасида Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар ва Абдували Мирзаевларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний материалларини тарқатиб келган. У ЖПКнинг 227-моддаси тартибида 10 сентябрь куни соат 19:15 да ушланган.
Юнусобод тумани прокурори томонидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинган М.Мансуровага нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига киритилган.
11 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан туман прокурорининг “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси рад этилган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 11 сентябрдаги ажримига нисбатан туман прокурори томонидан апелляция протести келтирилган. Ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.
Судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан М.Мансурова очиқда қолган тақдирда жиноятга алоқадор далилларни йўқ қилиши, гувоҳларни кўндириши ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар билан дастлабки тергов жараёнига тўсқинлик қилиши, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳалал берадиган уринишларни амалга ошириши ва қайта янги жиноятлар содир этиши мумкинлиги инобатга олинган. Шу муносабат билан М.Мансуровага нисбатан “қамоққа олиш” тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш лозим, деган хулосага келинган.
М.Мансуровани ИИВ ЖИЭББ қарашли 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштириш белгиланган.