Тақиқланган мева ширин бўладими?
Инсонни тўғри йўлга бошқаришдан кўра йўлдан оздириш осонроқ. Сабаби, ҳаётда ҳалол яшаб келаётган ростгўй ва содда кишилар кўпроқ қийинчиликларга дуч келади. Муғомбир, олчоқ, ўндан тўққизни урганларнинг эса ошиғи олчи.
Шу боисдан моҳиятни англамаган, имони сустроқ одамлар буни кузатиб, осон хулосалар чиқаради, аввалига бироздан оғишни бошлаб, кейинчалик кўпроқ адашадилар. Бир куни манглай деворга тегиб, коса коса урилгач, шайтонга тош отишни бошлайдилар.
Халқимизда қаноат арзонлигини, нафсни қўйиб юбориш бешумор азиятлар келтириши тўғрисида ҳикматлар кўп ва хўп айтилган. Аллоҳ башариятни бекорга табақаларга ажратмаган. Бу ҳақда файласуф Абу Наср Форобий, буюк бобокалонимиз Амир Темур ўз даврида қуйма хулосаларини берганлар. Тўғри, айримларни юқоридан қуйидаги қатламларга, баъзиларни тубандан баландга ўтказувчи зинапоялардан ўтиш жараёнлари содир бўлиб туради. Бу ўша кишиларнинг қобилияти, ҳаракати билан боғлиқ. Давлат ва халқ ишига хиёнат қилиш ёки вазифасини суиистеъмол қилиб баландликдан биратўла тубанликка қулаганлар қанчадан қанча.
Иқтисодиётнинг, турмуш даражаларининг олтин қонунлари бор. Табиатга боқинг: тоғлар бўлмаса яшил водийлар бўлмайди; яшнаган воҳаларнинг поёни - чўл. Осмонўпар бинолари, текис ва равон кўчаларида ҳаёт қайнаган шаҳарларнинг ташқариси судралиб юрувчилар, кемирувчи жониворларга макон биёбон. Демак, ижтимоий маъмурчиликнинг ҳам чеки бор. Ҳаммага баробар имтиёз яратиш мумкин эмас. Жумладан, камбағалчиликни ҳам тугатишга уриниш бемаъни хомхаёл. Чунки, оёғига ковуши бўлмаган ялангоёқдан тортиб эшаги, оти, турли хилдаги улови, самолёти, денгизда кўрк бўлиб сузаётган шахсий кемаси бор кишиларнинг бари жамиятда зоҳир ва бир замону маконда яшаб турибди. Уларнинг аксарияти ўзидан кейингиларга боқиб таскин топиш ўрнида, олдиндагиларга етишишни ўйлайди. Жўжабирдай жон оила қалдирғоч уясидай каталакда яшамоқда. Кимдир ўзига қаср ясаб олган. Биров гувалак девор билан ҳовлисини ўраб олишга қодир эмас. Айримлар отаси қуриб кетган тузуккина иморатни кунфаякун қилиб қайта тикламоқда. Бунинг оқибатида манглай тери билан топилган маблағлар исроф кетади, энг ёмони, ўлчаб берилган умримизни завол қиламиз.
Тўй-маъракаларни ўтказишдаги пойга ҳақида кўп гапирамиз, аммо фойдаси кам. Германияда саёҳатда бўлган киши шундай ҳикоя қилади: “Ресторанга кириб егуликлар буюрдик. Дастурхонимизда қалаштирилган неъматларнинг ортгани анчагина эди. Қўзғалиб, эшик томонга юрганимизда нариги бурчакда ўтирган хоним сарқитларимизга ишора этиб бир нималар деди. Дашном бераётганини англаб, пули тўланганини писанда қилиб турганимизда қаёқдандир бир маъмур ҳозир бўлди ва далолатнома тузди. Бизни тановул қилмай қолдирган егуликлар миллий бойликка дахлдор эканини айтиб, уни исроф этганимиз учун жаримага тортишди”.
Хўш, бизда нималар бўляпти? Базмгоҳларда ўтаётган айрим маъракаларда меҳмонларга пешкаш қилинган битта ўриндиқ беш юз минг сўмдан ошади. Газакилар, мева-чева, пишириқлар, кетма-кет тортилган таомларнинг ўндан бири истеъмол қилинмайди. Қачон, қайси бир мутасадди юз кишига атаб мингта одамга асқотадиган, маҳсулотни увол қилинган зиёфат қолдиғининг умумий миқдорини ҳисоблаб берди? Юртимизда ҳар куни ўтказилаётган бунақа тадбирлар қанча?
Ер юзининг бир қитъасида одамлар табиатан оғир, айримлар эса мўътадил ва ўта қулай иқлим шароитида яшайди. Аммо Жанубий Африканинг бир неча мамлакатларида аҳолининг асосий қисми оч-яланғоч эканидан қанча-қанча умрлар бевақт хазон бўлмоқда. Тиббиёти ривожланган ўлкаларда буйраги қуриган қари- қартанг беморлар катта пуллар эвазига ўлим чангалидан қутқарилмоқда, ваҳоланки, жаҳондаги бемаъни урушлар оқибатида тўрт мучаси соғ, инсониятнинг олтин захираси бўлган беҳисоб ўғлонларнинг умри завол топаётганини ўйлайдиган ҳукмдорлар қани?
Мақоламизга “Тақиқланган мева ширин бўладими?” дея сарлавҳа қўйдик. Ҳа, тескаричилик қон-жонимизга сингиб кетган. Одам Ато билан Момо Ҳавонинг жаннатдан мосуво бўлишларининг боиси ҳам шу. Ҳаётий кузатишларимдан мисол келтирай: Янги қурилган уйимизнинг атрофи ҳали ўралмаган эди. Лой қориб зина ясаб ишга кетаётсам, кўчада уч-тўрт бола-бақра ўтирибди. Гарчи қилган ишимдан бехабар бўлсалар-да, ҳали қотиб улгурмаган қуймага оёқ босмасликни шипшиб қўйдим. Оқибат, не кўз билан кўрайки, ҳаммаси кунфаякун қилинибди.
Ҳозирда интернет орқали ахборот тарқатиш оламшумул тус олди. Бир ёшга кирган боланинг телефон беришларини сўраб ғашлагани, қўлига олгач, тугмаларини босиб ўзига керакли саҳифани очганига гувоҳ бўлдим. Дарҳақиқат, ҳозирда кафтга жой олгудек миттигина жиҳоз бажараётган амалларнинг саноғига етиб бўлмайди. Аммо вақту бевақт, керагу бекорчи эрмакларга муккасидан кетганларга бу катта зарар эканини ҳар қанча уқтирманг, зое.
Яқинда ўзим ўқиган мактабда ўтказилаётган тадбирга борсам, эшикдан ичкарида уч-тўртта ўсмир ирғишлаб ҳакаламачоқ ўйнаяпти. Бегона кишидан заррача ҳайиқмаётганлардан иккитаси соқол ўстирган. Кимлигини суриштириб билсам, шу йил 11-синфни тугатаётганлар экан. Директордан нега бундай, деб сўрасам буларга гап уқтириб бўлмаслигини айтди ва мактабни тугатиб кетишини сабр билан кутишдан бошқа иложи йўқлигини билдириб, ўзини холис қилди. Эчкида соқол битгани қанчалик бемаъни бўлса, юриш-туриш марҳеласини билмаган, ҳали инсонийлик бурчини англамаган, соқол масъулиятини ҳис қилмаган бунақа ёш-яланглар тобора кўпайиб бормоқда.
Энди камбағаллик ҳақида икки оғиз гап.
Ишлаб юрган кезларим ҳокимият томонидан икки-уч хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида топшириқ келарди. Атаганларимизни қутига жойлаштириб манзилга етказсак, оиладаги қўли-оёғи бутун, давангир шахс қабул қилаётиб: ”Бори шуми? Кейингиси кечикмасин-а”, деди. Нега раҳмат айтиш йўқ, нега садақа олатуриб хижолат тортмайди?
“Шу охиргиси бўлсин. Насиб бўлса биз ҳам ҳаётимизни тезда изга соламиз”, деган тасалли хаёлига келмайди? Чунки бундайлар берсанг ейман, урсанг ўламан дегувчи, боқимандаликка кўниккан, интилиши сўниб, шахс сифатида тамом бўлганлардан. Уларни на тўйғизиб, на моддий ёрдам билан иқтисодини тиклаб бўлади. Ҳар қанча берсанг ҳам “лақ” этиб ютиб, яна оғзини карнайдай очиб тураверади.
Банклар томонидан бериладиган имтиёзли қарзлар, товуқ, қуён, борингки, йирик шохли мол боқтириш, ер ажратиб деҳқончилик қилишга қаратилган рағбатлар ҳам бунақаларга ҳайф...
Қуш уясида кўрганини қилади. Бундай оилаларда етишган фарзандларнинг аксарияти ҳам ҳамин қадар. Ота-онанинг нафақаси келишини пойлаб яшайди. На бир касб -ҳунарни эгаллаган, на ёлчитиб ўқиган. Муомала тилини билмайди. Иприсқи тенгдошлари билан санқиб юради. Бир касофатга йўлиқмаганча таноби тийилмайди. Нари борса мўмай бойлик орттириш илинжида четга кетади. Сарсон-саргардонликда яшаб ҳазариларнинг ҳаром-ҳаришини тозалайди. Уйига қайтиш учун йўлкира тополмаганлари қанча.
Болаликда севиб ўқиган “Ўзбек халқ эртаклари”даги баён ёдимга тушди. Донишманд ота тарбиясини дилга жо қилган йигитлар бахт излаб сафарга отлангач, қаршидан учта йўл чиқади: бири борса келар; бири борса хатар; бири борса келмас. Назаримда шу уч йўлдан бирини танлаганлар ҳам ҳозирда ҳисобсиз. Айримлар ватанига эсон-омон қайтиб, топган-тутганини яшаш шароитини яхшилашга қаратмоқда. Борса хатардан кетганлар турли оқимларга қўшилиб, ёт ғоялар учун ҳатто қўлига қурол ушлаб ўққа учмоқда. Борса келмасдагилар эса бегона юртларда томир отиб она юртига қайтиш ашшаи хаёлида йўқ.
Ҳарбий хизмат даври тугашига оз муддат қолган сайин соғинчимиз ортиб, нафақат кун, ҳатто соат санаган вақтларимизда рус йигитлари йиғилиб, гоҳ ўрмон кесишга, гоҳ океанларда балиқ овловчиларга катта ҳақ тўланишини айтиб, шу ердан тўғридан тўғри аллақаёқларга боришни ният қилсалар ҳайратга тушардик. Нима, буларнинг йўлига кўзи тўрт бўлиб турган ота-оналари, жону жигарлари йўқми, киндик қони томган хонадонга меҳри, ҳар бир қаричи қадрдон бўлган жонажон қишлоғининг оҳанрабодай тортувчи туйғу, униб ўсган ерига муҳаббати қани?
Не тонг, замона зайли билан вояга етган авлоднинг руҳияти шаклланиши туфайли бу хусусиятлар бизга ҳам етиб келди.
Бу мулоҳазаларимни юрагим ачишиб, қоғозга туширдим. Мабодо, фикрларим сизга маъқул келмаса густоҳлик билмайман. Айтди қўйди-да, денг, бўлди. Зеро, ўзинг ҳақингда нотўғри хулоса чиқаришларига сабабчи бўлмаслик учун ўзгача фикрловчиларга мос келмайдиган масалаларда баҳслашишдан қочмоқ жоиз. Аммо бу айтганларимни таҳлилдан ўтказиб, дўппини бошдан олиб, ўйлаб иш кўрилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Ғайбиддин Фазлиев.