Тараққиёт воситасими ёки зеҳниятимиз кушандаси?

Ажаб замонлар келди-да. Кечагина китоб, газета-журнал ушлаган қўлимизда бугун смартфон. Хонамизда компьютер. “Бутун олам кафтингизда намоён”, деганлари шу бўлса керак.

Агар бекорчироқ одам бўлсангиз, ҳар куни юзлаб янги видео ва расмларни томоша қилишингиз, минглаб хабарларни ўқишингиз мумкин. Ҳеч бир иш интернетсиз битмайди. Барча соҳалар “юриб туриши” айнан интернет билан боғлиқ.

Шу билан бирга, тараққиётнинг бу шиддатли суръати баъзан одамни довдиратиб ҳам қўяркан.

“Лайк”лар ортидаги таназзул

Instagram, tiktok, bigo live, likee каби платформаларда айрим фойдаланувчилар диққатни тортиш мақсадида ўз ҳаё ва номусини қурбон қилаётганига балки кўзингиз тушгандир. Ахлоқий таназзул ва беҳаёлик одатий ҳолга айланиб бориши хавотир уйғотади. Чунки ростдан ҳам ахлоқсизлик очиқча тарғиб қилиняпти. Ёшлар “лайк” ва “донат” учун ҳар нарсага тайёр кимсаларга айланиб бораётганини кузатиш оғриқли. Бундай видеолар фақат ушбу контент эгаларининг эмас, балки уни томоша қилаётган минглаб болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг онгига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Оммавий платформаларда ҳаёсизлик ва бузуқлик оддий “норма” сифатида қабул қилиняптики, гўё бу муаммо эмасдек туюлади. Аслида эса бу катта ижтимоий инқирознинг бошланиши бўлиши ҳам мумкин. Аввалида бепарво қаралган видеолар кейинчалик кенг тарқалади, танишлар томонидан кўрилади ва тасвирдаги “қаҳрамонлар”нинг оиласи шарманда бўлади. Баъзи ҳолларда эса улар шантаж қуролига айланиб қолиши мумкин.

“Кибербуллинг”

Ижтимоий тармоқлардаги “жонли эфир” ва постлар остидаги изоҳлар эса кўпинча ҳақорат, туҳмат ва нафратга йўғрилган “дил розлари” билан тўлиб-тошганига гувоҳ бўляпмиз. Бу зўравонликнинг янги шакли “кибербуллинг” деб аталади.

У инсон руҳиятига жиддий таъсир кўрсатади. Айрим фойдаланувчилар бундай ҳолатлар туфайли тушкунликка тушиб, баъзилари ҳатто ўз жонига қасд қилишгача боряпти. Шу боис кибербуллингга қарши махсус психологик ёрдам хизмати жорий этилишини жиддий ўйлаб кўриш керак.

Смартфон ва болалар: кўринмас хавф

Болалар жуда кичиклигиданоқ гаджетларга ўрганиб қоляпти. Смартфон ва планшетлар уларнинг кўриш қобилиятига, мия фаолиятига, энг ачинарлиси, психологиясига жиддий таъсир ўтказмоқда. “Қувлашмачоқ”, “ланка”, “ҳаппак”, “чиллак” каби ўйинлар деярли унутилди. Уларнинг ўрнини гаджетлар эгаллади.

“Биринчи синфга келган болаларнинг айримлари устози ва тенгдошлари билан эркин суҳбат қуролмайди. Ҳарф ўрганиб, ёзиш, сатр таниб ўқишдан кўра интернетдаги “қаҳрамон”ларнинг исмларини ва “тренд”даги ашулаларни ёддан айтиш осонроқ улар учун. Кўпчилиги тез асабийлашади, диққатини жамлашга қийналади”.

Бу - қишлоқдаги оддий мактаб ўқитувчисининг иқрорлари эди.

Бугун болалар ўйинчоқ ўрнига планшет, эртак ўрнига ютуб, ўйин ўрнига онлайн мулоқотни танлаётганини сиз ҳам кўриб турибсиз-ку! Улар икки-уч ёшиданоқ экрансиз безовта бўладиган инсонларга айланаётгани шунчаки гап эмас. Бу ҳолат болаларнинг мулоқот қобилияти, диққатни жамлаш ва ижтимоий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Экранга кўп қараган болаларда асабийлик, таассуротларни англашда қийинчилик, сўз бойлигида нуқсонлар кузатилиши илмий тадқиқотларда ҳам исботланган.

 Соғлом оилавий муҳит жонли мулоқот билан чамбарчас боғлиқ эканини унутиб қўйяпмиз: она қизига телефон орқали хабар ёзади, ота ҳеч нарсага аралашмай, ярим кечагача ютубдан кино томоша қилади, болалар онлайн ўйинларда иштирок этиб, эрталаб мактабда ухлаб ўтиради.

Ажримлар, тушкунлик, бефарқлик, таълим сифатида пасайиш, ишда масъулиятсизлик, ҳаётда мақсадсизлик... юқоридаги ҳолатларнинг аччиқ мевалари бўлса ажабмас.

Реклама тузоғи

Кўплаб одамлар интернетдаги ялтироқ ва диққатни тортувчи рекламалар тузоғига тушиб қоляпти. “3 кунда 10 килограмм озинг!”, “Бир кунда миллионер бўлинг!”, “Смартфонни 90 фоиз арзон нархда харид қилинг!” каби рекламаларга алданганлар озмунча дейсизми.

Рекламачилар психологик таъсир билан одамда қизиқиш уйғотишади ва тезлик билан қарор қилишга мажбурлашади: “Бугуноқ харид қилмасангиз, эртага чегирмали акциямиз тугайди”. Оқибатда телефон рақамлари, карта маълумотлари ўғирланади. Буюртма қилинган товар юборилмайди. Пулини олдиндан ўтказиб қўйган бўлсангиз, 90 фоиз ҳолатда ундан айрилиб қоласиз. Мабодо ўша маҳсулот сизга етиб келган тақдирда ҳам, унда ошириб-тошириб мақталган сифатлардан асар ҳам топа олмайсиз.

Шахсий маълумотларингизни ўғирлаб, сизни ҳар кўйга соладиганлар тоифаси эса алоҳида мавзу.

Машҳурлик жавобгарлик ҳамдир

Ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришган блогерлар фақатгина реклама намойиш этиш ва ўзининг шоҳона ҳаётини кўз-кўз қилиш билан чекланмай, ахлоқ, маданият, маданиятли инсонларга хос турмуш тарзини ҳам тарғиб қилсалар, қанчалар соз бўларди. Чунки уларнинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракати минглаб ёшларга таъсир қилиши мумкин.

Айрим ҳолларда шахслар виртуал оламда ўзини бошқача, идеал қилиб кўрсатишга урингани учун ҳақиқий шахсиятидан норози бўлиб қолади. Бу эса ўз-ўзига ишонч йўқолишига олиб келади. Болалар ва ёшларда тушкунлик ва ёлғизлик ҳисси кучаяди. Ҳақиқий ҳаётдаги муваффақиятсизликни “виртуал муваффақиятлар” орқали яширишга урина бошлайди. Вақтни назоратсиз сарфлаши натижасида ҳаётдаги режалари ўлда-жўлда қолиб кетади.

“Deepfake” технологияси

Сўнгги йилларда “deepfake” (сунъий интеллект орқали яратилган сохта видео ва аудиолар) технологияси шахсларнинг обрўсини тўкиш воситасига айланиб қолаётганини ҳам эътибордан соқит қилолмаймиз. Мазкур технология, шунингдек, ёлғон хабарлар орқали жамоатчилик фикри манипуляция қилиниши, фирибгарлик жабрланувчилари сони ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Парламентимиз қуйи палатасида муҳокама қилинаётган янги қонун лойиҳаси тасдиқдан ўтгач, балки шу каби ҳолатларга чек қўйилар.

Медиасаводхонлик нима учун керак?

Смартфонга эга бўлиш интернетдан фойдаланиш учун етарли, аммо ақлли фойдаланувчи бўлиш учун медиасаводхонлик зарур. Бу кўникмани ўзимизда шакллантириш учун фактчекинг (шубҳали ҳисобот ва баёнотларнинг фактик тўғрилигини текшириш жараёни) ҳамда ахборот фильтрациясидан бохабарлик, маълумот манбасини аниқлаш, реклама ва фирибгарликни бир-биридан ажрата олиш, ноқонуний контентдан узоқлашиш, ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни билиш керак бўлади.

Таълим масканларида медиасаводхонлик бўйича мунтазам дарслар жорий этилишини қонунчилик асосида йўлга қўйиш фурсати етди, назаримда.

Ҳали умид бор

Тўғри, интернетда фақат вақтни ўғирлайдиган контентлар эмас, балки онлайн дарслар, илмий китоблар, курслар, таълим платформалари ҳам бисёр. Гап ёшларимиз ва болаларимизни айнан шундай фойдали контентларга қизиқтира олишимизда!

Бугун дастурий таъминот яратувчилари, технологик инноваторлар жамиятнинг олдинги сафида. Чунки улар янгича фикрлайди, масалага илмий ёндашади, муваффақиятга интеллектуал меҳнат орқали эришади. Фарзандларимизнинг имкониятларини билим, илм ва тадқиқот сари йўналтиришимиз шунинг учун ҳам зарур. Ютуб орқали дастурлашни ўрганаётганлар, тан олинган платформалар орқали халқаро сертификат соҳиби бўлганлар, ўз стартапини бошлаганлар кўп. Улардан ўрнак олиб, фарзандларимизни “томошабин” эмас, “ижодкор” сифатида интернетда фаоллаштиришимиз лозим.

Агар бугун уларни бемаъни контент, ҳаёсизликка йўғрилган видеолар ва фирибгарлар тузоғидан ҳимоя қила олмасак, эртанги кунимиз қандай бўлади?

Интернет билим, ахборот, мулоқот ва имкониятлар эшигини очиб бермоқда. У бизни бошқаришидан аввал биз уни бошқаришни ўргансаккина келажакка оид хавотирларимиз чекиниши мумкин.

 Нусрат Бобоев.