Тарбия ҳақида

Бундан юз йил аввал Абдулла Авлоний ёзиб қолдирган битик
Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, «биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур», – деб жавоб берсак, бир киши деюрки, «қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пақмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар», дер . Мана, бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурар. Отасига нима дерсиз, десак , қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур», – дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур.
Хайр, бўлмаса муаллимчи десак, «Қайси муаллим? Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқумаган, «усули таълим» кўрмаган муаллимларни айтурсизми? Аввал ўзлари дорилмуаллимин»ларда ўқимаклари, сўнгра дарс бермаклари лозимдур», – дер. Мана бу сўз инсонни ҳайрат дарёсига ғарқ қилур.
Мударрисларга на дерсиз десак, қайси мударрис? Матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрисларни айтурсизми? Булар ўз вазифаларини билуб, нафсларидан кечуб, замонга мувофиқ равишда дарсларини ислоҳ қилуб, имтиҳон бирла ўқутмаклари лозимдур», – дер. Мана бу сўз ҳар кимни «Алислоҳ» демакга мажбур қилур.