Тарбия оиладан бошланади ёхуд “ТикТок” деб ўзлигини унутаётган ёшлар

Шўх, ўйинқароқ, гап уқмас, безори ёшларни “ҳали бола-ку, катта бўлса эси киради”, деб тарбиясига бефарқ қараймиз. Кейинчалик бу лоқайдлик ўзимизга қимматга тушади ва пушаймон бўламиз. Аслида ҳеч ким ахлоқсиз, безори ёки жиноятчи бўлиб туғилмайди.

Бекорга бу мавзуда сўз очмадим. Кейинги пайтда миллий-маънавий меросимизни, қадриятларимизни оёқ ости қилиб, буюк аждодларимизга ҳурматсизлик кўрсатаётган ва хурмача қилиқлари билан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяётган ёшлар кўпайиб бормоқда.

Хўш, бунга сабаб нима?

Очиғи, фарзанд тарбиясининг бузилиши ҳақида гап кетганда дастлабки масала оилага бориб тақалади. Чунки бошланғинч тарбия оилада берилади. Бу даврда ҳар бир ота-она боласига ўрнак бўлиб, уни билим олишга йўналтиргани мақсадга мувофиқ. Аммо айрим ота-оналар  фарзандини ёшлигидан билим олишга, ҳунар ўрганишга йўналтирмасдан, зиммасига пул топиб келиш масъулиятини юклайди.

Тўғри, фарзанд пул топиб, оиласига ёрдам бергани яхши. Лекин бола вояга етмасдан пул топишга қизиқиб, Ватан, оила, мактаб тушунчаларини унутса, унинг келажаги нима бўлади?  Агар болангиз уч-тўрт сўм пул ишлаб, кўнгли тусаган ишни қилса-ю, у билан ишингиз бўлмаса, бебош, эътиборсиз, кўча тарбиясини олган ўсмир (хоҳ қиз бола, хоҳ ўғил бола бўлсин) бир қинғирликка қўл урмаслигига ким кафолат беради? Масалан, яқинда ўзим таниган бир оиланинг фарзанди 15 суткага қамалди. Сабаби, ўзининг беҳаё сурат ва видеотасвирларини ижтимоий тармоқларга жойлаган ва уни оммага тарқатган. Ачинарлиси, ота-она интернетда фарзандини кўриб, бу менинг болам эмас, деб тан олмади. Афсуски, орамизда фарзандини танимас даражага келиб қолган шундай ота-оналар ҳам йўқ эмас...

Дарвоқе, ижтимоий тармоқдан фойдаланаётган ёшлар ҳақида гап кетганда, “ТикТок”да “лайк” йиғсам машҳур бўламан, деб юрган тарбиясиз ёшлар кўз олдимизга келади. (Дарвоқе, юртимизда бир неча ижтимоий тармоқлар қаторида "ТикТок" вақтинча блокланди).

Масалан, поезд тагига ётиб, ўзини суратга олган, Амир Темур, Алишер Навоий ёки Мотамсаро она ҳайкали олдида ноўрин хатти-ҳаракати билан аждодларимизга ҳурматсизлик  қилган ёшларни кўргандирсиз. Бугун бундай ёшлар сони ортиб бормоқда. Чунки бу тармоққа жойланган сурат ва видеоларнинг аксарияти мантиқсизлик ва ахлоқсизликка асосланган. Тармоқ айни шунинг учун ҳам 2 йил ичида 800 миллиондан ортиқ обуначи тўплади. Энди ўйлаб кўринг, бу ҳол 5, 10 борингки 15 йил давом этадиган бўлса, ёшларда қанақа маданият шаклланади?

Ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган бир пайтда, миллий ўзлигини унутган, манқурт авлод етишиб чиқишига наҳот бефарқ қараб ўтирамиз. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг тарбиясига бефарқ қарамай, боласини илм олишга тўғри йўналтирса, бу каби муаммоларнинг олди олинарди.

Дилафруз СУЮНОВА.