Тарғибот ишларидан сўнг 270 миллион сўм алимент тўланди
Жумладан, мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа идоралар ҳамкорлигида қўшма фармойиш қабул қилиниб, ҳудудларда аҳоли билан учрашиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмаганларнинг манфаатларини таъминлаш ишлари олиб бориляпти.
Айниқса, вояга етмаган фарзандлар моддий таъминоти учун қарздор фуқаролардан алимент (нафақа) ундиришда тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларни жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйдик. Ушбу йўналишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда 214 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, қарздор фуқаролардан 269,1 миллион сўм алимент пуллари ундирилди. 51 нафар оила яраштирилиб, соғлом муҳитда болалар улғаймоқда.
Тарғибот таъсирида шунча маблағ ихтиёрий тўлаб берилгани, оилаларнинг ярашгани ижобий ҳолат, албатта. Аммо шундай инсонлар борки, нафақат тушунтириш-тарғибот тадбирлари, балки мажбурий ижро бюроси томонидан қўзғатилган иш юритувидан сўнг ҳам ўз фарзанди таъминотидан қочишга ҳаракат қилади. Биргина жорий йилда 464 нафар қарздор фуқаро алимент пулларини тўлашдан бош тортиб, Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ушбу қарздор фуқароларнинг хорижга чиқиб кетиши олди олиниб, 489,6 миллион сўм алимент пуллари ундирилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор Валибек Шодмоновдан ундирувчи Шоира Маликова фойдасига вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан қарздорга ижро ҳужжати талаблари тушунтирилиб, ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, қарздор томонидан давлат ижрочисининг талаблари бажарилмаган. Бу каби инсонларнинг мавжуд қоидалар ижросидан қочишидан кўра, фарзанди таъминотидан бош тортиши янада ачинарлидир.
Мажбурий ижро бюросига турли низолар сабаб ажрашган оилалар ўртасида топилган умумий мулкдан ҳисса ундириш ва мол-мулкни бўлиш бўйича ҳам қатор ижро ҳаракатлари амалга оширилган. Хусусан,Самарқанд шаҳрида яшовчи оилалардан бири ажрашгач, даъвогар Дилбар Саримсоқовага жавобгар Рўзи Қосимовдан умумий мулкдан ҳисса ундириш билан бирга, жавобгарга тегишли корхона улушининг ярми Д.Саримсоқовага олиб берилди.
Меҳрож НАСРУЛЛАЕВ,
мажбурий ижро бюроси вилоят
бошқармаси бошлиғининг
ўринбосари.