Тарих ҳикмати: Самарқандлик Ҳисматовнинг аччиқ қисмати
Самарқандда жадид ҳаракати ҳақида сўз борса, табиийки, аввал Маҳмудхўжа Беҳбудий ва “Ойина” журнали атрофида жамланган зиёлилар, мактаб очган маърифатпарвар шахслар номи тилга олинади. XIX аср охири ва XX аср бошларида Самарқандда ўнлаб янги усул мактаблари ташкил этилиб, уларда юзлаб болалар янги дастурлар асосида таълим олган. 1893 йил илк янги усул мактаби очилган бўлса, 1903 йилга келиб Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида шундай мактаблар фаолияти йўлга қўйилиши жадид ғоялари қисқа вақт ичида кенг тарқалганидан далолат беради. Ўқувчилар учун Беҳбудий томонидан “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Китобат ул-атфол”, “Амалиёти ислом”, “Тарихи ислом” каби дарсликлар яратилгани таълим тизимидаги янгиланишларни янада тезлаштирди.
Жадид ҳаракати тарихга фақат машҳур номлар орқали битилмаган. Яъни, янги мактабларда таълим олган, кейинчалик турли соҳаларда меҳнат қилган юзлаб ёшлар шу маърифат муҳити таъсирида улғайди. Афсуски, улардан кўпининг номини вақтли матбуот саҳифаларидан тополмайсиз. Айримларининг тақдири эса кейинги сиёсий воқеалар туфайли узоқ вақт номаълум қолган. Ана шундай авлод вакилларидан бири Ҳикматулла Ҳисматов бўлиб, унинг ҳаёт йўли жадид муҳитида шаклланган кўплаб инсонлар тақдири билан муштарак.
Ҳикматулла Ҳисматов 1898 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. Отаси хизматчи, сўнгра Фарғона ва Андижон ҳудудларида мироб бўлиб ишлаган. Архив ҳужжатларида унинг маълумоти қуйи экани, рус-тузем мактабининг 2-синфини тамомлагани келтирилади. Бу каби қайдлар ўша даврда инсоннинг ижтимоий мақомини белгилашда муҳим аҳамият касб этганини ҳисобга олсак, Ҳикматулланинг кейинги тақдири қандай мураккаб шароитларда кечганини тушуниш анча осонлашади.
Ҳикматулланинг ўзи таълимни давом эттиришга интилди. Аввал рус-тузем мактабида, кейин Самарқанддаги билим юртида таҳсил олди. Унинг ёшлик йиллари Туркистонда янги усул мактаблари кенгайиб, маориф соҳасида ислоҳотлар кучайган даврга тўғри келади. 1911 йилдан атоқли маърифатпарвар Абдуқодир Шакурий ташкил этган янги усул мактабида тўрт-беш йил таълим олди. Ушбу мактаб ўша йилларда Самарқанддаги илғор таълим масканларидан бири сифатида танилган. Шакурий янги усул мактабларини очиш баробарида, “Раҳнамойи савод”, “Жомиъ ул-ҳикоят”, “Зубдат ул-ашъор” каби дарслик ва ўқув қўлланмаларини яратиб, уларни ўз маблағи ҳисобидан нашр эттирган, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда мактаб дастурларини ишлаб чиққан. Ҳикматулла маърифатпарварлик руҳи устувор бўлган ана шундай таълим муҳитида тарбия топади.
Шу даврда минтақада кечаётган кескин сиёсий ўзгаришлар таъсирида Ҳикматулла Ҳисматов жамият ҳаётида пайдо бўлаётган янги ташкилотлар фаолиятидан четда қолмади. Ҳужжатларда қайд этилишича, 1917 йил февраль инқилобидан кейин Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Иттифоқ” мусулмон меҳнаткашлар жамияти фаолиятида иштирок этди. У мазкур жамият таркибида оддий аъзо сифатида қатнашгани, 1918 йил ташкилот тарқатилгач, фаолиятини касаба уюшмалари тизимида давом эттиргани ҳақида кўрсатмаларида билдирган. Шу тариқа, Ҳисматовнинг таълимдан меҳнат фаолиятига кириб келган йиллари Туркистонда ҳокимият тизимлари тез-тез алмашиб, кечагина ташкил этилган жамоат бирлашмалари қисқа вақт ичида қайта номланиб ёки бошқа тузилмалар таркибига қўшилиб кетаётган беқарор давр билан алоқадор.
Ҳикматулла Ҳисматов 1913 йилдан мактаблар таъминоти учун, шунингдек, мусулмон қисмларда хизмат қилган аскарларга моддий ёрдам йиғиш мақсадида ўтказилган кўнгилочар спектаклларда иштирок этган. 1918-1920 йилларда хизмат вазифаси билан Хўжанд, Қўқон, Бухорода ишлаган. Меҳнат фаолияти мобайнида бир муддат давлат муассасаларида тилмочлик ва ташкилотчилик ишларини бажаради.
Кўрсатмаларидан маълум бўлишича, 1916 йил машҳур “мардикор олиш кампанияси”да, фронт орти ишларига сафарбар этилган ишчилар таркибида бир эшелонда тилмочлик қилган, сўнгра давлат муассасаларида хизмат вазифасини давом эттирган. Ҳужжатларда 1918 йилдан компартия сафига қабул қилингани ҳам қайд этилади. Кейинги йилларда савдо ва хўжалик тизимида ишлаб, қадам-бақадам раҳбарлик лавозимларига кўтарилгани қаҳрамонимиз таржимаи ҳолида алоҳида кўрсатилади.
1930-йиллар бошида республикада қоракўлчилик совхозларини ташкил этиш ва хўжалик тизимини қайта қуриш билан боғлиқ кенг кўламли тадбирлар амалга оширилиб, Ҳикматулла Ҳисматов ана шу жараёнларда хўжалик ва савдо соҳасига дахлдор вазифаларда ишлайди.
Архив ҳужжатларида сақланган аризасида қаҳрамонимиз 1923-1925 йиллардан сўнг аксилинқилобий миллатчилик ташкилотлари мавжудлигидан бехабарлигини қайд этади. 1931 йилда қоракўл совхозларини ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар давомида Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилган идоралардан олинган кўрсатмалар асосида иш юритгани, кейинчалик айнан шу хизмат фаолияти тергов материалларида “аксилинқилобий ташкилотга алоқадорлик” сифатида талқин қилинганини ёзади. Аризада ташкилотнинг таркиби ва аъзолари ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслиги, ўзи бажарган ишлар учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр эканини билдиради. Бу ҳужжат тергов жараёнида олинган кўрсатмалар ва айбловларни расмийлаштириш амалиёти қандай кечганини акс эттирувчи муҳим манбалардан биридир. 1937 йилга келиб, айни шу хизмат алоқалари ва хўжалик ишларида юзага келган муаммолар унинг тақдирида ҳал қилувчи омилга айланди.
1937 йил декабрида тайёрланган айблов хулосасида Ҳикматулла Ҳисматовга аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига аъзолик, Файзулла Хўжаев бошчилигидаги гуруҳ топшириқлари бўйича “Ўзбекқоракўл” тизимида қўпорувчилик ишларини олиб бориш, 1931-1932 йилларда қоракўл қўйлари талафотига – 250 минг бош қоракўл қўйнинг ўлимига сабаб бўлиш, шунингдек, “Ўзбекбирлашув” тармоқлари орқали савдо соҳасида зарарли ишларни амалга ошириш (ҳужжатларда 1934-1937 йилларда савдо-хўжалик фаолиятида харажатлар сунъий равишда оширилиб, давлатга 12-14 миллион рубл миқдорида зарар етказилган) тарзида бир қатор айбловлар қўйилди.
Айблов ҳужжатларида иқтисодий соҳадаги қийинчиликлар, савдо тизимидаги камчилик ва хўжаликдаги муаммолар алоҳида шахслар фаолияти натижаси сифатида талқин қилингани кўринади. Ўша йилларда иқтисодий режаларнинг кескинлиги, топшириқларнинг тез-тез ўзгариши ва жойлардаги ташкилий чигалликлар кўплаб хўжаликларда муаммолар келтириб чиқарган. Бироқ 1937 йилги сиёсий муҳитда бундай қийинчиликлар кўпинча хўжалик тизимининг умумий муаммолари сифатида эмас, балки “қўпорувчилик” ва “зараркунандалик” айбловлари билан изоҳланиб, тергов ишлари учун асос сифатида қўлланган. Ана шу амалиёт доирасида иқтисодий соҳада юзага келган зиғирча камчилик ҳам хизматчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатишга сабаб қилиб кўрсатилган.
1937 йил 26 декабрда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари Апресян тақдим этган айблов хулосаси СССР прокурори А.Вишинский томонидан тасдиқланиб, иш қисқа муддат ичида судга оширилади. Қаҳрамонимиз ЎзССР Жиноят кодексининг 58-, 63-, 64- ва 67-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг кўчма суд мажлиси қарори билан отувга ҳукм қилинади.
Қатағон йилларининг энг шафқатсиз жиҳатларидан бири шунда эдики, жазо кўп ҳолда фақат айбланган шахс билан чекланиб қолмас, унинг яқинлари ҳам айбсиз ҳолда таъқиб гирдобига тортилиб кетарди. Тергов ҳужжатлари ва архив материаллари бу даврда оилалар бутунлай парчалангани, аёллар ва болаларнинг ҳам қамалганини кўрсатади.
Ҳикматулла Ҳисматовнинг турмуш ўртоғи Мария Ҳисматова ҳам ана шундай тақдирни бошидан кечирди. Мария 1937 йил 30 октябрда ҳибсга олиниб, 1939 йил 8 февралгача қамоқда сақланади. Бу бир йилдан ортиқ вақт кечагина умр йўлдошидан айрилган аёл учун яна бир таҳқир, камситиш, хўрлик эди. Гарчи, ҳужжатларда бу давр қисқа саналар билан қайд этилган бўлса-да, бунинг ортида бир оиланинг сўнгсиз изтироблари, моҳиятан эса барчанинг юрак-юрагига ботмиш санчиқ, оғриқлари етарлича бор...
Мария Ҳисматова Андижон вилояти Марҳамат райони Русское қишлоғида яшаб, район касалхонасида 1964 йил 17 сентябргача фаолият кўрсатган.
Машъум 4 октябрь фожиасидан йигирма йил ўтиб, 1958 йил 26 мартда Ҳикматулла Ҳисматов иши қайта кўриб чиқилиб, у расман реабилитация қилинди. Бироқ кечиккан бу қарор парчаланган оила, кўрилган минг бир азоб ва йўқотилган ҳаётни қайтариб бера олмасди. У фақат тарих саҳифаларидаги ноҳақ айбловлар бекор қилинганини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қолди.
Ҳикмат шуки, аждодлар хотирасини асраб-авайлаш, уларнинг кечмишидан сабоқ чиқариш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи ва масъулиятидир.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.
("Жадид" газетасининг 27 феврал, 9-сонидан)