Тарвузни қайси пайтда истеъмол қилган маъқул?
Тарвузнинг таркибида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишида тўпланадиган 12 фоизгача енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжуд. Шунингдек, унда C, B1, B2, A, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва кальций моддалари, аминокислоталар ҳам бор.
Шарқ тиббиётида
Тарвуз қадимдан дори воситаси сифатида қўлланилган.Олим ва табиб Маҳаммад Аъзамхоннинг “Буюк уммон” асарида тарвузни йилнинг иссиқ даврида пайдо бўладиган куйдирувчи безгакда фойдаланиш ҳақидаги маълумотлар келтирилади. Тарвузни жигар касалликларида, қон қуюлиб қолишида ва организмдан шлакларни чиқаришда қўллашган. Ўрта асрларда араблар “агар тарвуз мунтазам равишда овқатдан олдин тановул қилинса, баданни тозалаш ва ундаги касалликларни олиб чиқиш” хусусиятига эга бўлиши ҳақида гапиришган. Қадимги ҳинд табиблари санскрит ёзма манбаларида тарвуз бутун организмни юмшатиши ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида яхши эканини таъкидлашади.
Тарвузнинг суткалик меъёри қанча?
Турли илмий манбаларга қараганда, организмда суюқликларни ушлаб турмасдан кечадиган буйрак тоши, цистит, нефрит ва пиелонефрит касалликларида суткасига 2,5 кг гача тарвуз тановул қилиш тавсия этилади. Тарвуз буйраклар ва пешоб йўлларини ачиштирмайди.
Диабетда тарвуз истеъмоли
Шифобахш озуқа сифатида камқонликда қўлланилади, таркибидаги фруктоза эса қонда қанд моддаси кўп бўлганида ҳам организм томонидан яхши ўзлаштирилади, шу боис уни қандли диабетда ҳам тановул қилиш мумкин.
Тарвуз харид қилаётганда эътиборли бўлинг!
Айтиш жоизки, полиз экинларини етиштиришда унга бериладиган ортиқча азотли ўғитлар тарвузларнинг озуқавийлик ва шифобахш хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Савдога чиқариладиган тарвузлар санитария-эпидемиология хизматлари томонидан кимёвий таҳлилдан ўтказилади. Шунинг учун полиз маҳсулотларини харид қилаётганда сотувчилардан тегишли сертификат бор-йўқлигини сўраш мақсадга мувофиқ.
Уни харид қилишда нималарга эътибор беришни ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.