Бажарилган меҳнатнинг ҳақи бор(ми?)

“ALAMXON GOLD GROUP” корхонаси Ургут туман тиббиёт бирлашмаси учун катта ҳажмдаги таъмирлаш ишларини амалга оширди. Ўртада тузилган шартнома асосида тиббиёт бирлашмасининг “Ғойибота” бўлими иситиш тизими, туғруқ мажмуаси, наркология ва кўз касалликлари бўлимларида жами 664 миллион сўмдан ортиқ ишлар бажарилди. Аммо кўрсатилган хизматнинг ҳақи тўланмади.

Бу ҳолат стоматолог врач Жавоҳир Тоҳировга ҳам бегона эмас. Ёш стоматолог Ургут тумани тиббиёт бирлашмасида март ойидан буён беморларни қабул қилиб, амалий иш олиб боряпти. Аммо унга ҳам бирлашма масъуллари “буйруғинг чиқмаган”, деган баҳона билан ойлик маоши тўламаган.

Бироқ у умидсизликка берилмади, Ургут туман адлия бўлимига мурожаат қилди ва унинг ҳуқуқлари тикланди. “ALAMXON GOLD GROUP” корхонасининг тўланмаётган хизмат ҳақи ҳам тўланиши таъминланди.

Туманда адолатсизлик фақат тиббиёт соҳасида эмас, балки қишлоқ хўжалигида ҳам учрайди. Ургут туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси томонидан фермер хўжаликларига узлуксиз сув етказиб бериш хизмати кўрсатилган бўлса-да, улар томонидан ушбу хизмат учун белгиланган тўловлар узоқ вақтида тўланмаган. Бу ҳолат фермерлар билан шартнома асосида иш олиб борган давлат муассасасининг иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатган. Ургут туман юридик хизмат кўрсатиш маркази масалага аралашиб, тегишли ҳуқуқий тадбирларни кўрди ва натижада хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, кечиктирилган тўловлар тўлиқ ундирилиши таъминланди. Бу воқеа яна бир бор шуни кўрсатдики, давлат ташкилотлари фаолиятида ҳам ҳуқуқий механизмлар тўғри ишласа, адолат тикланиши муқаррар.

Ҳар бир бажарилган меҳнат ўз вақтида ва тўлиқ баҳоланиши керак. Адолат фақат суд залида эмас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида намоён бўлиши лозим.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.