Таътилни қишга кўчирсак…

Мен қишлоқ мактабида ўқиганман. Сентябрь ойида дарсга борганмиз. Тўртинчи синфдан кейин фақат янги ўқув йилининг очилиши ва дастлабки ўн беш кунлик дарсларда иштирок этганмиз. Негаки, пахта йиғим-терими бошланарди. Кейин қишки таътил. Албатта, қишки мавсумда жисмоний тарбия дарсида ­синфхонада шахмат-шашка ўйнаганмиз.

Апрель ойининг охири, майнинг дастлабки ўн кунлигида ғўза яганасига чиққанмиз. Май ойида ўн беш кун пилла теришга ҳашарга бориларди. Июнь ойида бирдан имтиҳонларни топширардик.

Ёзги оромгоҳлар кам бўлгани боис тенгдошларимнинг асосий қисми ёзги таътилни уйида ўтказишарди, мол-ҳол боқардик, ҳовлидаги қурилишларга ёрдам берардик, катта синфдагилар эса ғишт қуйиб, пул ишлашарди, очиғи, икки ой меҳнат қилиш билан ўтарди.

Ана энди ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам мажбурий меҳнатдан халос бўлди. Аммо уларга бу бўшлиқни тўлдириш учун арзигулик машғулот тавсия этолмаяпмиз. Албатта, ҳозирги шароит олдингисидан анча яхши. Стадионлар, спорт заллари кўп. Минг афсуски, мактаб­ларда интернет йўқлиги, бор бўлса ҳам кучсизлиги, синфхоналари, кутубхоналар, спорт залларнинг совуқлиги, тўгаракларнинг ўз вақтида фаолият кўрсатмаслиги кўзга яққол ташланиб қолди.

Ўқув йилининг сентябрда бошланиб, май ойида тугаши бу – собиқ СССР таълим тизимидан «мерос». Шундай экан, уни биз ўзимизнинг маҳаллий шароитга мослаштириб олишимиз мавриди келмадимикан?

Мисол учун, ўрта мактаб­ларда, ҳатто олий ўқув юртларида ҳам янги ўқув йилини биринчи март санасидан бош­лашга нима халақит қилади? Ўқув йилининг ноябрь ойи­­да тугаши (таътилнинг декабрь, январь ойларида бўлиши) фарзанд­ларимизни нафақат қишнинг ноқулай шароитида дарсга бориб-келишдан сақлайди, балки барча ўқув юртларида катта миқдорда электр энергияси ва табиий газ тежалишига олиб келади.

Албатта, бу таклиф айтиляпти, рад қилиняпти – хуллас, муҳокамада. Лекин таълим тизимидаги кўплаб мониторинг гуруҳлари, шу соҳага тегишли олий ўқув юртларининг ўқитувчилари, олимлари нега бир жойга тўп­ланиб, ўзаро фикр юритиб, ушбу масала юзасидан хулоса беришмаяпти.

Биламан, ҳар қандай соҳада янгилик оғир кечади, бирданига ҳазм қила олмаймиз. Шундай экан, аввал унинг илмий асоси ишлаб чиқилса, кўпчилик билан маслаҳат қилинса, ёмон бўлмасди. ­Дунёдаги кўплаб давлатлар янги ўқув йили бошл­анишини ўз шароитидан келиб чиқиб белгилашган.

Бу йилги қиш мавсуми бизга таълимга янгича ёндашишимиз кераклигини кўрсатиб қўйди. Ҳозирда таълим тизимида ­дарсликларни, дарс жараёнини такомиллаштириш, хорижий тажрибани қўллаш қизғин давом этяпти ва у самара беришига ишонамиз. Ана шундай пайтда агар биз таълим жадвалини ҳам табиатимизга мос қилиб олсак, яхши бўлади.

Фармон Тошев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.