ТДАУ Самарқанд филиалида илмий-инновацион лойиҳаларни молиялаштириш режалаштирилди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи A.Норбоев ёшларни қўллаб-қувватлаш, илмга жалб қилиш, уларга мотивация бериш, қизиқишларини рағбатлантириш ҳамда илмий-инновацион лойиҳалар билан танишиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида бўлди.

Учрашувда филиал олимлари ва талаба-ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроққа сифатли ишлов бериш, юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, сувдан самарали фойдаланиш бўйича инновацион ғоялар, жумладан, “Бузоқларга автоматлаштирилган сут бериш тизимини жорий этиш”, “Оқсилга бой ясмиқ экинини кўпайтириш”, “Сабзавот ва мевали боғларни баҳорги совуқлардан ҳимояловчи криопротектор”, “Шумғияга қарши фитомизани кўпайтириш”, “Ёмғир сувларидан унумли фойдаланиш”, “Мойли қовоқдан мой ишлаб чиқариш” каби 10 дан зиёд илмий-инновацион ва стартап лойиҳалар билан танишди.

Тақдим этилган илмий-инновацион ва стартап лойиҳалар ҳудуднинг муаммолари ечимига қаратилган бўлиб, энг долзарб деб топилган ишланмаларни ҳудудни ривожлантириш маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, филиал доценти М.Машрабовнинг “Оқ люпин (Лупинус албус) - инновацион экин”, доцент Ё.Исломовнинг “Оралиқ ва ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш агрегати” ва катта ўқитувчи Ш.Муродовнинг “Узумлар учун ҳимоя қопи” мавзуларидаги илмий лойиҳалари келгусида ҳудудни ривожлантириш маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилди.