ТДАУ Самарқанд филиалида 3 та ихтисослик бўйича таянч докторантлар қабул қилинди

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали бугунги кунгача 6 та хорижий олий таълим муассасаси билан ўқув ва илмий соҳада ҳамкорликни ўрнатган.

Профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг халқаро рейтингларда кўрсаткичларини ошириб бориш мақсадида Google scholar, Research Gate, Scopus/Wos базаларида профиллари шакллантирилди. Илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, Extension center, ўқитиш курслари ва хўжалик шартномалари ҳисобидан 241 млн. сўм маблағ филиалнинг ривожлантириш фондига туширилиб, бу маблағлар филиалда илмий-инновацион фаолиятнинг ривожланишига йўналтирилмоқда.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Филиалда талабаларга ривожланган хорижий мамлакатлар университетларида фаолият юритаётган 6 нафар хориждаги ватандошлар дарс бериб келмоқда, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Улар Германиянинг IAMO (Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш) ИТИ, Ҳумболт ва Кассел университетларининг профессор-ўқитувчиларидир. Филиал профессор-ўқитувчилари хорижий нуфузли университетларда ўқитиш малакасини ошириш бўйича бир қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, ўтган ўқув йили мобайнида беш нафар профессор-ўқитувчи Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар ва Ҳиросаки университетлари ҳамда Ҳиндистон, Туркия ва Россия Федерацияси институтларида малака ошириб қайтди.

Филиалда илмий салоҳиятни мунтазам ошириб бориш мақсадида мутахассислик кафедралари қошида 5 та йўналиш бўйича «Докторантлар мактаби»да илмий семинарлар курси ташкил этилган. Ушбу мактаб тадқиқотчилар ва магистрантларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришлари учун илмий тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. 2022 йилдан бошлаб филиалда Олий таълимдан кейинги таълим институти очилиб, 3 та ихтисослик бўйича таянч докторантлар қабул қилинди. 2021-2022 ўқув йилида 3 та тадқиқотчи диссертация ҳимоя қилиб, PhD илмий даражасини олди.

Соҳада “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни жорий этиш мақсадида 6,5 гектар мевали боғ барпо этилди ва масофадан бошқарилувчи томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди. Шу билан бирга, АҚШнинг Valmont irrigation корхонаси ҳомийлигида 10 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Айтиш мумкинки, бажарилаётган лойиҳа ижрочиларининг 55 фоизи талабалардир. Бу уларнинг илмга рағбатини оширибгина қолмай, ҳозирданоқ назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиб боришларини таъминлайди.