Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТДАУ Самарқанд филиали лойиҳаси: Янги шудгорлаш агрегати ёнилғи сарфини 68 фоизга, ерни тайёрлаш вақтини 60 фоизга камайтиради

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари шу йил 15 дан зиёд илмий ва стартап лойиҳалар билан танловларда иштирок этди. Ҳозирда 1,3 млрд. сўмлик 2 та лойиҳа ижроси таъминланаётган бўлса, 2,4 млрд. сўмлик битта лойиҳа Илмий-техник кенгаш муҳокамасидан муваффақиятли ўтиб, молиялаштириш бочқичида.

- 2021-2023 йилларга мўлжалланган “Ўсимликлар ҳимояси ва автоматик суғориш тизимига асосланган тупроқлар мониторингда илғор рақамли технологиялардан фойдаланиш” лойиҳасига кўра, филиал “Ахборот маслаҳат маркази” ерларининг 6 гектар майдонида мевали боғлар ташкил этилади, - деди директорнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Бобур Эшонқулов. - Боғда автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими ўрнатилиб, масофадан бошқариш имконини берувчи илова ишлаб чиқилади. Илова орқали нафақат суғориш тизимини бошқариш, балки махсус зондлар орқали тупроқ намлиги каби бир қанча маълумотлар мунтазам илова базасида кўриш имконини берадиган тупроқ мониторинги юритилади.

Шунингдек, “Такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани лойиҳалаш ва тижоратлаштиришга тайёрлаш” лойиҳаси доирасида таклиф этилаётган агрегат ёрдамида шудгорлашга кам харажат сарфланади.

Агар Самарқанд вилоятида ҳозирги кунда жами 30 минг гектар ерга такрорий экин экишни инобатга олсак, ёнилғига 1 410 000 литр, яъни 9 165 000 000 сўм сарфланади. Таклиф этилаётган агрегат ёрдамида эса ёнилғи сарфи 450 000 литр, яъни 2 925 000 000 сўм сарфланади. Демак, ёнилғи сарфи 68 фоизга камаяди. Ерни тайёрлаш учун кетадиган вақт сарфини 60 фоизга камайтиришга эришилади.

Юқоридаги илмий лойиҳалар билан бирга филиалда Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, республикамиздаги 4 та олий таълим муассасалари ҳамда европалик ҳамкор университетлар билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда Биоиқтисодиётни барқарор ривожлантириш янги магистратура дастури (“BioEcUz”)” доирасида халқаро лойиҳалар ҳам бажарилмоқда.

Хуршида Эрназарова.