ТДАУ Самарқанд филиали талабаларни турар жой билан таъминлаш учун штаб ташкил этди

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ўқув йили бошланиши билан талабалар томонидан турар жой масаласида мурожаатлар кўпайиши кутилган эди. Шу боис филиалда талабаларни ётоқ жой билан таъминлаш бўйича штаб ташкил этилди. Мазкур штаб томонидан талабалар ижарада қаерда яшайди, кимникида туради, яшаш шароити қандай, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлади каби масалалар кўриб чиқилади.

Ўқув йили бошланишидан олдин филиалга яқин Даҳбед, Бозоржой ва Навоий маҳаллалари билан ҳамкорликда ҳудудга келиши кутилаётган талабаларни турар жой билан таъминлашга келишиб олинди. Бунда талабаларга ижара нархларини сунъий равишда оширмаслик, дарс тайёрлаши учун етарли шарт-шароит яратиш масаласи ҳам ўрганилди.

Филиалда ижара учун берилган уй-жойлар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди. Натижада 98 та хонадон рўйхати шакллантирилди ва бу хонадонларда жами 445 нафар талаба учун жойлар ҳозирланди.

Ҳозирги кунда филиалга турар жой сўраб мурожаат қилган талабалар ижара хонадонларга жойлаштирилмоқда. Бошқа ҳудудлардан келиб, яшаш жойи бўйича мурожаат қилаётган талабаларнинг 80 фоизи ижара асосида хонадонларга жойлаштирилди.

Ижара асосида жой билан таъминланган талабаларнинг хонадонга мослашиш ҳолатлари ўқитувчилар томонидан назоратга олинди.

Маълумот учун, ТДАУ Самарқанд филиалида бугунги кунда талабалар турар жойи мавжуд эмаслиги боис ўқув биноси ётоқхона сифатида қайта реконструкция қилинмоқда.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.