ТДИУ Самарқанд филиали талабалари Германияда тажриба орттирмоқда

Олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги фаоллиги ва ҳамкорлик салоҳияти, айниқса, талабаларни хорижда ўқитиш ва ишлаб чиқариш амалиётига жалб этиш муҳим жараён ҳисобланади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали бу борада салмоқли натижаларга эришмоқда. Филиал раҳбарияти, халқаро ҳамкорлик бўлими ва қўшма дастурлар координатори жамоаси томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда юзлаб талаба Европанинг етакчи давлатларида ҳақ тўланадиган амалиёт дастурларида иштирок этмоқда.
Хусусан, 2025 йил давомида 200 нафардан ортиқ талаба Германия давлатида жойлашган замонавий саноат корхоналари, автомобилсозлик ва логистика ҳамда қишлоқ хўжалик корхоналарида малакавий амалиёт ва working&travel дастурлари доирасида малака оширмоқда. Ушбу амалиётлар нафақат талабаларимизнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, балки ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Филиал ректори, профессор Олим Муртазаевнинг таъкидлашича, хорижий амалиёт дастурлари орқали талабаларда халқаро меҳнат маданияти, ишбилармонлик, самарадорлик, экологик барқарорлик ва замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмалари шаклланмоқда.
Ҳозирги кунда филиалимизнинг талабалари Германиянинг “BRUSS”, “Karcher”,“Schneiders Obsthof”, “JUNG Agrar”, “Hienrich”, “Hegeland GmbH”, “Schumacher”, “Straus” “ENGELHARD” каби илғор корхоналарида амалиёт ўтамоқда. Эътиборга молик жиҳат шуки, барча корхоналарда талабалар учун замонавий ва қулай инфратузилма, уч маҳал овқатланиш, хавфсиз меҳнат муҳити яратилган.
ТДИУ Самарқанд филиали томонидан амалга оширилаётган хорижий амалиёт ва халқаро ҳамкорлик дастурлари юртимиз олий таълими олдида турган стратегик вазифаларга ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда. Келгусида бу каби лойиҳалар сони янада ортиб, иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, молия ва рақамли иқтисодиёт таълим йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун халқаро тажриба алмашуви доимий амалиётга айланади.