Telegram ижтимоий тармоғи бепул Stories жойлаш имкониятини тақдим этди
Эндиликда юртимиз Telegram ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Premium обунасисиз ҳам тармоқда бепул Stories эълон қилиш имкониятига эга бўлишди.
Telegram асосчиси Павел Дуров аввалроқ ўз телеграм каналида бу функциянинг ишга тушиши мессенжер тарихидаги янги босқич бўлиши ва ижтимоий тармоқ ташкил этилганининг ўн йиллигига (2013 йил 14 август) тўғри келиши ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, у ижтимоий тармоқни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи - “хабар алмашиш” ва “барча ижтимоий тармоқларда инновацияларга етакчилик қилиш"дан иборат бўлишини билдирган.
Stories ларни эълон қилиш имконияти даставвал июль ойида пуллик обуна эгаларига тақдим этилган бўлиб, бошқа фойдаланувчилар уларни кўришлари ва турли стикерлар ёрдамида муносабат билдиришлари мумкин эди.
Бу каби функциялар Facebook, Instagram каби бошқа ижтимоий тармоқларда аллақачон янгилик бўлмаса ҳам юртдошларимиз томонидан фаол қизиқиш билан кутиб олинди.
Telegram Stories нима?
Бу 6 соатдан 48 соатгача бўлган вақт оралиғида эълон қилиниши мумкин бўлган вақтинчалик постлар формати бўлиб, шу муддатдан сўнг улар йўқолади.
Storiesда смартфон галереясидаги ёки шахсий компьютер папкаларидаги фотосурат ва видеоларни эълон қилиш мумкин. Иловада видео ва фотосуратларга тушириш имкони мавжуд.
Икки томонлама камера формати ҳам мавжуд бўлиб, олд ва орқа камералар билан суратга олиш мумкин. Расм чизиш, уни стикер ва эможилар билан безаш, матн ёзиш, шунингдек, созламаларда контраст, экспозиция, ёруғлик ва ҳоказоларни созлаш мумкин.
Экран созламалари эса эълон қилинаётган stories аудиториясини белгилаш, намойиш вақтини ўрнатиш каби имкониятларни таклиф этади.