Терговчининг хатоси адолатсизликка йўл очади

Қонунчиликнинг таомили шундай: жиноятчи, гумонланувчи, гувоҳ ва жабрланувчи ҳам ўз ҳаракатига дастлабки хулосани терговчининг ўзига нисбатан муносабатидан билиб олади. Тергов сифати эса ана шу муносабатнинг холис, адолатли бўлишига боғлиқ. Хўш, вилоятдаги прокуратура, ички ишлар идоралари терговчилари бу вазифани нечоғлик уддалашаяпти?

Вилот прокуратурасида “Терговчи фаолияти қонун ва мамлакатдаги ислоҳотлар талабларига мос бўлиши керак” шиори остидаги семинарда ана шу масала таҳлил этилди.

Минг афсуски, хом, бирёқлама терговлар пиравардида аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётир, - деди вилоят прокурори Р.Машарипов. – Сайёр қабуллардаги мурожаатлар ва келаётган шикоятларни ўрганиш чоғида бунга ўзимиз гувоҳ бўлаяпмиз. Баъзан жамиятдаги ўзгаришларни, жиноятнинг сабаб ва оқибатини ҳисобга олмасдан бошланган терговдаги хатолар ишнинг якунига салбий таъсир ўтказаяпти. Бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун биз бундан кейин терговчилар салоҳиятини кучайтириш, яъни уларни ўқитиш, маънавиятини бойитиш, малакасини,масъулиятиниошириш,хусусан жамоатчилик билан доимий мулоқотда бўлиши чораларини кўрамиз. Бундан ташқари ҳуқуқ-тартибот идоралари давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакат иқтисодининг юксалишига хизмат қилиши, ишбилармонни қўллаб-қувватлаши зарур.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев эса тергов натижаси жамиятда адолат барқарор бўлишига хизмат қилиши, терговчи пухта ҳуқуқий, сиёсий билимга эга бўлиши, ишни атрофдаги ўзгаришлар талаби асосида юритиши, ўз билимини ошириб бериши зарурлигини таъкидлади. У терговчиларга алломаларимизнинг “Иккала томонни ҳам эшитмасдан қарор қабул қилган кимса, агар унинг қарори адолатли бўлсада, у адолатсизлик қилган бўлади” деган сўзини шиор сифатида ишлатишларини тавсия қилди.

Терговчининг шаклланиши учун муайян вақт талаб этилади, - деди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов. – Бу муддат ичида у устозлардан касб сирларини, одамлар руҳиятини ўрганиши, нафақат қонунчиликда, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар билан танишиб бориши лозим. Терговчининг мустақиллиги унинг жамиятдаги ўзгаришлар ва томонлар манфаатини пухта ўрганишига таъсир қилмасин.

Вилоят адвокатлар палатаси раиси Т.Қодиров тергов ишларининг сифати адвокатлар билан ҳамкорлик қилишига нечоғлик боғлиқлигини айтиб ўтди. Адвокат талаблари ўрганилаётган ишда нотўғри хулоса чиқаришнинг олдини олади. Қолаверса, қонунчилик талаби ҳам шундай.

Вилоят прокурори ўринбосари С.Эшқувватов ўз чиқишида терговчиларнинг фаолиятини таҳлил қилди. Тергов жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар, уларнинг сабаблари ҳақида фикр юритди. Бу юзасидан терговчиларга маслаҳатлар берилди.

Йиғилиш қатнашчилари тергов жараёни қонунлар талаби асосида ўтиши баробарида, унинг натижаси мамлакатда адолат устуворлиги, ва ижтимоий барқарорликка хизмат қилиши керак, деган хулосага келдилар.