Технологик аср хатарлари
Вақти-вақти билан сайёрамизнинг у ёки бу бурчагида кутилмаган фалокатлар содир бўлиб, ўнлаб, юзлаб одамларни ҳаётдан олиб кетади. Бу конструкторлар ва муҳандисларнинг лоқайдлиги оқибатидир.
... 1961 йил 13 мартда Киевнинг саноат райони саналган Курнёвкада эрта тонгда ғишт заводининг сув ҳавзасида дамба ўпирилади. Бунинг оқибатида 650 минг кубометр оқова сув тураржой биноларини ювиб кетади. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 68 турар жой ва 13 маъмурий бино вайрон бўлган, 298 та квартира ва 163 та хусусий уй яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Бир ярим минг киши ҳалок бўлган. Оқова сув тўпланиши учун қурилган иншоот тупроқ ва ерости намлиги ҳисобга олмасдан лойиҳалаштирилгани фожиага сабаб бўлган.
2000 йил 30 январда Бая-Маре шаҳрида олтин ва кумуш қазиб олиш билан шуғулланувчи «Аурул» Руминия - Австралия қўшма корхонасида 100 минг кубометр чиқинди цианст тузи ҳовуз тупроғи ўпирилиши оқибатида Совмиш дарёси оқимига қўшилиб кетади. Дунайнинг Тису ҳавзаси заҳарланиши оқибатида 100 тонна балиқ нобуд бўлади. Баландлиги 25 метр бўлган дамба кучли жала қуйишига дош беролмаган.
Техник-муҳандисларнинг айби билан содир бўлган яна бир фалокат кишини даҳшатга солади. 1982 йил 17 февраль куни Москвадаги «Авиамоторная» метро станциясида эскалатор - ҳаракатланувчи зина айни йўловчилар гавжум пайти бузилиб қолади. У тезда нари-бери таъмирланган бўлиб, ишга туширилади. Унда метрога тушаётган 100 дан зиёд йўловчи эскалатор яна ишламай қолиб кескин тормозланиши оқибатида бир-бирининг устига қулайди. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлади, 30 нафар йўловчи жароҳатланади.
2000 йил 27 августда Москвадаги баландлиги 537 метр бўлган Останкино телеминорасида электр сими қисқа туташуви оқибатида 460 метр баландликда ёнғин содир бўлади. Учинчи қават батамом ёниб кетади. 300 метр баландликдан қулаган лифтда уч киши ҳалок бўлади. Бир сутка давом этган ёнғинда телеминора жиддий шикастланади, барча телеканаллар кўрсатуви узилиб қолади.
***
Юқорида келтирилган барча фалокатларда инсон омили сабаб бўлган. Айбдорлар суд қилиниб, тегишли жазосини олган. Бироқ афсусланарлиси шуки, одамлар оғирини енгил қилишга хизмат қилаётган мутахассисларга бу фожиалар сабоқ бўлаётгани йўқ. Мураккаб технологик лойиҳаларнинг ҳисоб-китобларида хатога йўл қўйиши эса қимматга тушади.
Т.Шомуродов тайёрлади.