«The Wall Street Journal»: Самарқанддаги Амир Темурнинг маҳобатли мақбараси — нозик ўйланган улуғвор асардир

Американинг таниқли газетасида Амир Темур мақбараси ҳақида батафсил мақола чоп этилди.
«The Wall Street Journal» нашри муаллифи Мелик Кайлан мақолада Самарқанддаги Амир Темур мақбарасидан олган таассуротларини қоғозга туширган. «Буюк Александр Македонский, Атилла, Чингизхонни қаерда дафн этилганини ҳеч қим билмайди. Аммо Амир Темурнинг (1336-1405) гўзал мақбараси Самарқанднинг сокин ҳудудида жойлашган», - дейилади унда.
«Кристофер Марлонинг пьесаси ва Эдгар Алланнинг достони Амир Темур ҳақида афсоналардан илҳомланиб ёзилган иккита ажойиб асарлардир – дея қайд этади муаллиф. - Унинг авлодлари Ҳиндистонда катта империя яратди ва дунёга энг ажойиб ёдгорликларни, жумладан Тож Маҳални мерос қилиб қолдирди».
У, шунингдек, Амир Темур Самарқандни ўзининг улкан салтанатининг пойтахти этиб танлагани, шаҳарни кенгайтириб, Ипак йўлидаги савдо, фан ва маданият маркази сифатида бунёд этганини таъкидлаган.
«Асрлар давомида шаҳар дунёга машҳур Регистон майдони каби ноёб меъморий мажмуаси билан бойиди, – дейди Мелика Кайлана ҳайратини яширолмай. – Регистон рўпарасида Амир Темур мақбараси жойлашган бўлиб, у бир қарашда улуғворликдан кўра камтароқ кўринади, ундаги қабрларнинг оддийлиги ислом тамойилларга мосдек. Бироқ, мақбаранинг улуғворлиги сизнинг жисмоний ҳолатингиз ва нуқтаи назарингизга қараб сезилмас тарзда гавдаланиб бораверади. Мақбара масофадан туриб ҳам яқиндан ҳам ҳайратланарли ва жуда улуғвор. Уни ичкари ёки ташқаридан томоша қилишингиздан қатъи назар иншоотнинг ҳашаматли кўк-яшил ранглари кўзингизни қамаштиради».
Америкалик журналист мақбарага қуйидача таърифлайди: «Фасадга яқинлашганингизда, ажойиб кошинлар ва муқарнаслар билан безатилган мажмуанинг монументал дарвозаларига дуч келасиз. Ундан ўтгач, сиз тахминан 40 ярд нарида горизонтал йўналишда чўзилган ва унинг орқасидаги биноларни деярли сояда қолдирадиган, кўплаб меҳроблар билан безатилган асосий қабр қўйилган оқ парталга рўбарў келасиз. Унинг икки томонида нафис каллиграфик кошинлар билан безатилган асл тўртта миноранинг иккита қайта тикланган нусхаси жойлашган. Мажмуанинг узоқдан қараганда энг устун жиҳати - бу бош бино тепасида қуёшда ярақлаб турган, баландлиги 40 фут келадиган жуда нафис гумбазларидир. Икки кириш йўлаги ўртасида бир вақтлар мадраса ва меҳмон уйи бўлган ярим чўккан, лой харобалари қолган тўртбурчак ҳовли бор. Мажмуа ичида меҳмон учун аниқ геометрияни таъкидлайдиган, гумбазнинг дабдабасини ва мақбаранинг асосий биносининг саккиз қиррали тузилишини тўғридан-тўғри кўришдан ниқоблайдиган эффект мавжуд».
Муаллиф мақбара тарихига тўхталар экан, Темур 1403 йилда урушда олган танжароҳатлари нажатижасида ҳалок бўлган суюкли набираси, валеахд шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон берганини ёзган. Аммо кейин Темур 1405 йилда 69 ёшида вафот этади. Қаттиқ қор ёғиши сабабли уни набираси қуйилган мақбарага дафн этишга тўғри келади. Кейинчалик яна бир набираси 30 йил давомида оиланинг беш нафар энг нуфузли етакчилари, шунингдек, Амир Темурнинг севимли устози ётган манзилгоҳни обод этиш бўйича қурилишни давом эттирди. Мақолада қайд этилишича, мақбаранинг ўртасига жойлашган сағаналар устида темурийларга бағишланган ёзувли тошлар бор. Амир Темур қабри устига тўқ яшил рангли нефрит тош қўйилган.
Муаллифнинг айтишича, мақбарага рангдор ойналар солинган панжарали дарчадан ёруғлик тушиб туради.
«Ер сатҳида фируза кўк ранглар устунлик қилади, юқорига қараган сари тилларанг бўёқлар геометрик нақшларга айланади, - дейди у мақбаранинг ички қисмини тасвирлар экан. - Чексиз юлдузли геометрик нақшлар бир-бирига боғланиб, тушунарсиз мавҳумлик ва абадий тинчликни ифодалайди».
Муаллиф Амир Темур даврида астрономия, математика ва метафизика ягона фан бўлганини, ҳукмдор ўзининг жаҳон пойтахтида муҳим маданият марказини ташкил этиш учун босиб олинган шаҳарлардан ҳунармандларни Самарқандга олиб келганин таъкидлаган. Шу сабабли, ушбу даврда Самарқандда санъат ва фан, айниқса меъморчилик ва миниатюрада янги Уйғониш даврига асос солинади.
«Мўғуллар босқинидан сўнг Амир Темур Уйғониш даврининг исломий шакли асосчиси бўлганини қайд этиш мумкин», - дейилади мақолада.
Мақолани якунида Амир Темур мақбараси узоқ вақт давомида сокин зиёратгоҳ бўлиб қолгани, лекин ўтган асрнинг 50-йилларигача қайта тикланмаганини қайд этилган.
«Бироқ 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мақбарани қайта тиклаш ва Амир Темур меросини қайтаришга киришилди. Натижада жаҳон тарихидаги йирик шахснинг муносиб зиёратгоҳи яна обод бўлди», - деб ёзади ўзининг хулосасида Мелик Кайлан.
Дунё АА.