Тиббий кўрик касалликни барвақт аниқлашда ёрдам беради
Филиалнинг 21 нафар маммолог, радиолог, онколог, эндокринолог, онкожарроҳ ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислари тўрт гуруҳга бўлиниб, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида, Оқмачит ва Равонак, Қуйи Арабхона маҳаллаларида жойлашган қишлоқ оилавий поликлиникаларида 500 дан ортиқ аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. 50 нафар фуқарода саратон олди касалликлари, шунингдек, касалликка шубҳа қилинганлар аниқланди.
– Кўрик жараёнида диспансер назоратида турган беморлар тўлиқ текширувдан ўтди, – дейди маммолог шифокор Бахтиёр Сулаймонов. – Беморларга қўйилган ташхис натижалари тўғрилигини ҳам қайтадан синчиклаб ўргандик. Натижада саратон олди касаллиги, айниқса, аёлларда кўп учрайдиган сут бези, бачадон бўйни ҳамда ошқозон саратони каби хасталиклар аниқланди.
Мутахассис-шифокорлар беш нафар бемор хонадонига бориб, улар ҳолидан хабар олди.
– Анча вақтдан бери бошимда оғриқли тошмалар пайдо бўлиб, безовта қилиб келарди, – дейди тумандаги Сулфакабутак маҳалласида яшовчи У.Асророва. – Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббий кўрик ўтказилишини эшитиб, шифокорларга мурожаат қилдим. Мутахассислар касалликка аниқ ташхис қўйишди. Дардим оғир эмаслиги ва тез орада касалликдан фориғ бўлишимни айтишди. Бепул даволаниш учун шифохонага йўлланма беришди.
Касаллик белгилари аниқланган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатилиб, самарали даволаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалига йўлланмалар берилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.