Тиббий хизматлар экспорти икки баробарга оширилади

Вилоятда соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда, жорий йилда ушбу соҳада 1,4 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 

15,6 фоиз ўсиш таъминланади, - дейди вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба бошлиғи Даврон Расулов. - Бунда, 1100 ўринли 10 та кўптармоқли хусусий тиббиёт маркази ишга туширилади. Мисол учун, Самарқанд шаҳрида “Intramed” МЧЖ томонидан қиймати 

120 миллиард сўмлик 250 ўринли юқори технологияли тиббиёт маркази фойдаланишга топширилади. 

2024 йилда хусусий тиббий марказлар томонидан 8 минг хорижлик фуқаронинг (жами 43 та давлатдан) саломатлиги тикланди ва тиббий хизматлар экспорти 1 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилда 10 дан ортиқ янги турдаги тиббиёт хизматлар (онкологик касалликларни эрта аниқлаш диагностикаси, нурли терапия хизматлари, робот ёрдамида операция қилиш ва бошқа) йўлга қўйилиб, тиббиёт хизматлар экспорти икки баробарга оширилади. 

Бундан ташқари, “Зарбдор тажрибаси” асосида қиймати 1 трлн. сўмлик 49 та драйвер лойиҳалар амалга оширилади. Шу билан бирга халқаро йўл бўйида 80 та, соҳил бўйи дам олиш масканларида 36 та, туну-кун кўчаларда 24/7 режимда ишлайдиган 166 та ҳамда 60 та бошқа хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани таъминлаб бериш мақсадида республика бюджетидан 80 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Натижада 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилади, 5 мингга яқин иш ўрни яратилади ва бюджетга қўшимча 570 миллиард сўм тушум таъминланади.

Мисол учун, Самарқанд туманида “Сиёбча” канали бўйида 5,7 километр пиёдалар ва велойўлаклар қурилди, ҳудудда манзарали дарахтлар экилиб, кўкаламзорлаштирилди.

Каналнинг 3 километр қисмида аҳоли дам олиш маскани, канал ёқалаб 59 та савдо-хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва ҳунармандчилик объектлари барпо этилди. 2025 йилда шу лойиҳани давоми сифатида 1 та йирик дам олиш кўнгилочар маскан ташкил этилади.

Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги 

қарорига асосан 5 та ҳудуд (Ургут, Тайлоқ, Самарқанд тумани, Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани)дан ўтган Дарғом канали бўйида аҳоли сайр қиладиган дам олиш масканлари ташкил этиш ишлари бошланди. Ишни тўғри ташкил этиш ва тизимли давом эттириш учун “махсус дирекция” ҳам ташкил этилди. Ушбу дирекция орқали ерларни аукционда сотишдан тушган маблағлар ҳисобига канал бўйлари ободонлаштирилади, пиёда ва велойўлаклар ташкил этилиб, канал муҳофаза зонаси хавфсизлиги таъминланади. Ташаббускор тадбиркорлар томонидан 100 дан ортиқ савдо, кўнгилочар ва дам олиш масканлари ташкил этилади, 1000 дан ортиқ иш ўринлари ва қўшимча бюджет тушумлари яратилади. Ушбу масканларга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам жалб этилади. 

Шунингдек, қарорга асосан 5 та деҳқон бозорлари ўрнида 

(“Мармар деҳқон бозори”, “Самарқанд шодиёнаси”, “Мирбозор бозори” ва “Паст Дарғом мева-сабзавот бозори”, “Паст Дарғом буюм савдо мажмуаси”)  замонавий йирик савдо комплекслари ташкил этиш ишларини ҳам бошлаганмиз.