“Тиббий хизматнинг 3 та “хўжайини” бор”: Президент тез тиббий ёрдам хизматидаги кечикишлар ва бошқа муаммоларга тўхталди

Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Давлат раҳбари вилоят шошилинч марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилганини қайд этиб, тиббиёт соҳаси вакиллар билан очиқ мулоқотда тез ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича кўплаб масалалар кўтарилганини кўрсатиб ўтди.

“Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.

Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та “хўжайини” бор.

Жумладан, тиббиёт ходимини “райздрав” тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса “облздрав”га бўйсунади”, деди Президент.

Бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги танқид қилинди.