Тиббиёт ходимларининг ойлиги ошириладими?
Дунё халқларининг ҳаётида коронавирус сабаб катта ўзгаришлар рўй берди. Бу синов даврини инсоният учун ҳақиқий қадриятлар моҳиятига етиш даври деб атасак ҳам бўлади.
Жон ширинлигидан ҳар куни қучоқлашиб кўришиб юрганлар ҳам бир-бирови билан қўл бериб сўрашмай қўйди. Ноинсоф тоифадагилар бу кунларда нархларни сунъий ошириш эвазига фойдани кўзлаб ҳаракат қилмоқда. Ваҳимачи тоифадагилар овқат ғамлаш тадоригига тушиб қолишган.
Бугун бутун танамиз қулоққа айланиб, вирусдан қандай сақланамиз, оила аъзоларимизни қандай асраймиз, бу борада шифокор нима дейди экан, деб турибмиз.
Адашмадингиз, кечаги кунгача ўша биз менсимаган, одамлар қўлида калтак еб бўлса-да, ўз касбини бажарган, штат бирликлари молия органлари томонидан аёвсиз қисқартирилган, “форма” кийганлар ойлик маоши бир неча баробар оширилганда ҳам ўзининг камтаргина ойлигига қаноат қилиб келган ўша шифокорга кунимиз қолди.
Қадимдан нега шифокор обрўси баланд бўлган, деган саволни ўйлаб кўрганмисиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни даволанишга тарғиб қилиб, шундай марҳамат қилгандилар: “Даволанинглар, Аллоҳ бир дардни яратган бўлса, унинг давосини ҳам яратган. Фақат бир дарднинг давоси йўқ, у – қариликдир” (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. “Шифокорнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз даркор”, дея таъкидланади. Айниқса, гематология, вирусология, иммунология соҳалари, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтириш зарурлиги айтилган.
Бугун молия органлари, жойлардаги ҳокимлар ва барча мутасаддиларнинг тиббиёт ходимлари олдида уяладиган кун бўлмоқда. Тиббиёт соҳасида штатларнинг қисқариб кетиши кимга керак бўлган эди? Сайлов округларининг қайсинисига борсангиз, бизга тиббий хизматни яхшилаб беринг, бизга тиббиёт пункти очиб беринг, бизга шифокор етишмаяпти деган мурожаатлар қилишади. Афсуски, уларнинг бу каби гапларини шу пайтгача ҳеч ким эшитишни хоҳламади.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Халқимиз ҳам бу чораларни тўғри тушуниб қабул қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг аксарият қисми ўз сайлов округларига бирламчи тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам бериш учун чиқиб кетишди. Тиббиёт ходимларини нималар қийнаяпти, эпидемия тарқалмаслиги учун 24 соат ишлаши керак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун шароитлар тайёрми? Биноларнинг аҳволи қандай, дори-дармон воситалари, тиббиёт анжомлари шайми, бюджетдан ажратилган пуллар ўз ўрнига сарф бўлганми? Буларни ўрганиш ва жойига қўйиш учун бугун парламент ва депутатлик назорати жуда муҳим.
Бугун мамлакатимиздаги вазиятни ҳисобга олиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, эл хизматида бўлаётган шифокор меҳнатини қадрлаш бўйича зудлик билан аниқ тадбирлар амалга оширилиши керак.
Жумладан, тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизими танқидий тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим. Бунда асосий эътибор тиббиёт ходимининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори бажарилаётган ишларнинг мураккаблиги ва юкланмаси даражасига ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига боғлиқ ҳолда бўлишига қаратилиб, ойлик тўловлар миқдори сезиларли даражада оширилиши лозим.
Юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлимларда фаолият олиб борадиган врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, беморларга хизмат кўрсатувчи барча касблардаги ходимлар учун янаям алоҳида шартларда ойлик маошлари оширилиши бугунги кун талабидир.
Ахир бугун УАШ ходими, патронажлар, лаборатория ходимларига эҳтиёжимиз жуда катта бўлиб турибди-ку?! Халқимиз саломатлиги йўлида фидойилик қилаётган инсонлар ҳам катта маош олса, аҳоли саломатлигини сақлаш учун бюджетдан пул сарф бўлса, нима бўпти?
“Адолат” СДП фракцияси ўз сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар қилиш ва шифокор мақомини оширишга катта ўрин ажратган эди. Бугун ана шу мақсадлар ҳамда мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, ҳаёт тақозо этаётган вазиятни ҳисобга олиб, мамлакатимизда шифокор баланд мақомга эга бўлиши, соғлиқни сақлаш тизими аҳолига муносиб хизмат кўрсатиши учун, бу соҳа ходимларига республика, вилоят, шаҳар-туман даражасида барча шароитлар тенг яратилиши, соҳадаги барча ходимларнинг ойлик маошлари оширилиши зарур деб ҳисоблаймиз.
Ўйлаймизки, ҳукумат бу таклифларни албатта ижобий кўриб чиқади.
Албатта, фақатгина ойлик маошларни ошириш билан муаммо ўз ечимини топиб қолмайди. Бугун шифокорларимизни сиз ва биз, жамиятимиз маънавий қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим бўлиб, тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, касб даражаси ва малакасини узлуксиз ошириб боришлари учун рағбатлантирувчи тизимни янада такомиллаштириш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардир.
Г.САИДҒАНИЕВА,
Ш.ПОЛВАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари.