Тил - миллат кўзгуси

21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Самарқанд давлат университети филология факультети профессор-ўқитувчилари билан Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Самарқанд академик лицейи ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида шу мавзуда давра суҳбати бўлди.

Тадбирда филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев, доцент Алишер Ғаффоров, доцент Роҳила Сувоновалар академик лицей ўқувчиларига ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг тарихий аҳамияти, ёшларнинг тилимизга муносабати ҳамда ҳар бир шахс давлат тилининг ҳимоячиси бўлиши лозимлиги, нутқ маданиятига риоя қилиш ҳақида маъруза қилди.
Давра суҳбатида академик лицей ўқувчилари ва факультет талабалари томонидан она тилимиз мадҳ этилган шеърлар ва маърузалар тингланди.

Тадбир давомида ўқувчилар университет тасарруфидаги Алишер Навоий музейида бўлиб, у ерда Навоий ҳаёти ва ижодига оид қўшимча тарихий маълумотларга эга бўлишди. Ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий асарларининг хаттотлар томонидан турли даврларда кўчирилган қўлёзма нусхалари, шу билан бирга университет ҳаётига доир манбалар билан танишди.

Қ.Халилов,
Д.Негматова,
Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Самарқанд академик лицейи ўқитувчилари.