Тил ўрганиш учун нима керак?
“Менда тил ўрганишга иқтидор йўқ”,
“Тилни болаликда тезроқ ўрганиш мумкин эди”,
“Мен шундоқ ҳам жуда бандман”,
“Энди тил ўрганишга қарилик қиламан”,..
Хорижий тилларни ўрганмаслик учун кўп баҳоналарни ишлатамиз. Қизиқ томони, бу баҳоналарни факт сифатида қабул қилиб, ўз устида ишлашга уриниб кўрмаётганлар ҳам бор орамизда. Хўш, аслида ҳам шундайми? Тил ўрганиш учун бизга нима керак: пулми ёки иштиёқ? Хорижий тилларни тез ўзлаштиришнинг сири нимада? Қуйида шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Тил ўрганиш учун туғма қобилият керакми?
Аввало, бу ерда гап полиглотлик ёки бирор хорижий тил бўйича илмий иш қилиш ҳақида эмас, инсоннинг ўзига маъқул ёки зарурат юзасидан бирор хорижий тилни ўрганиши ва унда мулоқот қила олиши ёки олмаслиги ҳақида кетяпти. Шундай экан, қобилиятни важ қилишдан олдин ҳар биримиз ҳаётимизда битта бўлса ҳам тилни ўрганганимизни эътиборга олиш лозим. Ҳайрон бўлманг, ҳозир гапириб турган она тилимизни ҳам болаликда ўзлаштирганмиз. Унда ўз фикрини аниқ ифодалай олиш даражасига етиш учун болага неча йил керак бўлишини ўйлаб кўринг-а. Шу биргина факт билан “Болаликда тилни осонроқ ўрганиш мумкин”, деган тушунчанинг ҳақиқатга унчалик тўғри келмаслигини англаб етиш мумкин.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, албатта, болаларнинг зеҳни ўткир бўлади, шунинг ҳисобига улар янги сўзларни тез ёд олади. Лекин уларда мақсад ва қунт бўлмайди. Сиз эса ақли расо инсонсиз, демак, мантиқан фикрлаш қобилиятингиз юқори, қолаверса, хорижий тилни нима учун ўрганмоқчи эканлигингизни биласиз. Шундан хулосаки, ҳаётий тажриба ва кўникмалар бу жараённи осонлаштиради.
Мақсад аниқ бўлса, натижа куттирмайди
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хорижий тилни аниқ мақсадсиз, яъни шунчаки, “зарар қилмайди” қабилида ўрганиш жуда мушкул. Ишни шундай руҳда бошлаганларнинг асосий қисми таълимнинг биринчи ойидаёқ “таслим” бўлади ёки ўзини юқоридаги каби баҳоналар билан алдай бошлайди.
Тилни ўрганиш учун инсонда иштиёқ бўлиши ва бу иштиёқ аниқ бир мақсаддан куч олиши керак. Айтайлик, ўқишга кириш, магистратуда ўқиш, хорижий давлатда юқори маошга ишлаш…
Албатта, мақсаднинг кўлами иштиёқ даражасини ҳам белгилайди. Масалан, буюк шифокор бўламан, давоси йўқ дардларга шифо топаман, деган мақсад билан ўқиган талаба, ҳеч бўлмаганда, ўз йўналиши бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. Шунчаки, одамларни даволаб кун кўраман, деб мақсад қилган талаба эса яхши натижага эришмайди. Бундайлар учун ўз устида ишлаш ҳам азобдек туюлади. Айни мисол “Нима учун айримлар тўрт йил хорижий тилларга ихтисослашган олий таълим муассасасида ўқиб ҳам чет тилида эркин гапира олмайди, баъзилар эса мактабдаёқ бир нечта хорижий тилни ўзлаштиради?”, деган саволга жавоб бўла олади.
Тилни тез ўзлаштириш учун...
Мавзуни ўрганиш давомида жуда кўп манбааларга мурожаат қилдик. Хорижий тилларни тез ва осон ўрганиш бўйича ишлаб чиқилган турли усулларни ўргандик. Қайсидир маънода уларнинг барчаси самарали ҳисобланади. Бироқ якуний хулосани биз эмас, айни усулларни ўзида синаб кўрган ва маълум натижага эришганлар бериши керак, деган хулосага келдик.
Диёра ТЎЙЧИЕВА,
Каттақўрғон туманидаги 40-умумтаълим мактабининг
7-синф ўқувчиси, IELTS имтиҳонидан 7 балл олган:
— Инглиз тилига қизиқишим хорижий тилдаги мультфильмларни томоша қилишдан бошланган. Уларни тушунишни, мультфильм қаҳрамонлари гапираётган тилда гапиришни жуда истардим. Кейинчалик бу қизиқиш менда хорижий олийгоҳда ўқиш иштиёқини уйғотди. Шу тариқа 3-синфлигимдан инглиз тилини ўргана бошладим. Ўтган йили IELTS имтиҳонида билимимни синаб кўриб, 7 балл олдим. Ҳозир бу кўрсаткични 8 балдан оширишга ҳаракат қиляпман. Кўпчилик тилни тез ўрганиш учун ёд олинган сўзларни кўп маротаба такрорлаш керак, деб айтади. Лекин мен ёд олган сўзларимни деярли такрорламайман. Аксинча, янги ўрганаётган сўзларим иштирокида қизиқарли воқеалар ўйлаб топаман ва бу воқеаларни инглиз тилига таржима қиламан. Ҳар гал керакли сўзни эслашимга тўғри келса, у билан боғлиқ воқеани хотирлайман. Бу усулни ишлатиш учун хорижий тилдаги мультфильм ва киноларни кўриш ҳамда ундаги воқеаларга оид ибора ва сўзларни эслаб қолиш қўл келади.
Камронбек ИСОЕВ,
Самарқанд шаҳридаги 50-умумтаълим мактабининг
11-синф ўқувчиси, IELTS имтиҳонидан 8 балл олган:
— Инглиз тилини 10 ёшимдан ўрганиб келаман. Бу шунча йил давомида тинимсиз репетиторга қатнади, дегани эмас. Очиғи, мактаб дастури билан ҳам тилни яхши ўрганиш мумкин. Қўшимча машғулотлар хорижий тилни билиш даражаси бўйича сертификат олишни мақсад қилганлар учун керак. Хорижий тилни ҳар ким ўрганиши мумкин. Ёш, жинс ва бошқа омиллар бу ерда аҳамиятсиз. Шахсан мен дарсдан кейин хусусий тил ўргатиш марказида дарс бераман. Талабаларим орасида ёши катталари кўп. Улар олдига аниқ мақсад қўйганлиги учун ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Тилни тез ўрганиш масаласига келсак, мен ҳар тонгни янги ўзлаштирган сўз ва ибораларимни такрорлаш билан бошлайман. Бу хотирани мустаҳкамлаб, янада кўпроқ маълумотларни эслаб қолишимга ёрдам беради.
Хорижий тилни билиш нима беради?
— Хорижий тилларни ўрганиш бугун ҳар қачонгидан ҳам манфаатли бўлиб қолди, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти кафедра мудири, доцент Акрам Шерматов. - Боиси барча чет давлатларга йўл очилди, савдо-сотиқ, меҳнат меҳрацияси учун янги бозорлар ўзлаштирилмоқда. Қолаверса, юртимизда ҳам тил билганларга қатор имтиёз ва имкониятлар яратилди. Масалан, тил билиш бўйича тегишли сертификатга эга талабалар олийгоҳга имтиёз асосида қабул қилинади, тил билувчи кадрлар ишга киришда ҳам устунликка эга. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Масаланинг яна бир жиҳати, илгари тилни билишдан манфаат кам эди. Масалан, мактабда инглиз тилини яхшироқ ўзлаштирган ёшлар нари борса, бирон пединститутнинг шу тил бўйича факультетида ўқиб, яна ўша мактабига ўқитувчи сифатида қайтиб борар эди. Ҳозир бунинг акси. Ҳатто хорижий тилни билиш серификатига эга ҳар қандай ўқитувчи ҳам ойлигига устама олмоқда. Бу эса чет тили ўқитувчиларининг жамиятимиздаги нуфузини бир неча баробарга оширди.
Педагог сифатида шуни айтишим мумкинки, айни кунда бирор хорижий тилда сўзлашишни ўрганиш учун пул сарфлаш ёки олийгоҳда ўқиш шарт эмас. Бу ишни уй шароитида, интернетдан мақсадли фойдаланган ҳолда ҳам амалга ошириш мумкин. Мен шу тартибда хорижий тилларни яхши ўзлаштирган одамларни танийман. Тўғри, баъзилар тезроқ сертификат олиш учун тил ўргатиш марказларига қатнайди. Тажрибамдан биламанки, олдига аниқ мақсад қўйган, изланувчан инсон бу марказларда ўқиб, 6 ойда сертификатни қўлга киритиши мумкин. Улар 3 ойда ўрганаётган хорижий тилида гапиришни бошлайди. Фақат бунинг учун ирода ва кучли иштиёқ бўлиши зарур.
Мақола якунида венгриялик профессионал таржимон, полиглот Като Ломб тажрибасига эътиборингизни тортмоқчимиз. У кўп тилларни дарслик, луғат ва бадиий адабиётлар устида ишлаб, мустақил ўрганган. Инглиз, француз, немис, рус тилларида эркин (она тили — венгр тили даражасида) гапирган, ўқиган, ёзган. Итальян, испан, япон, хитой, поляк тилларини яхши тушунган ва сўзлашган. Болгар, румин, словак, украин, лотин тилларида луғат ёрдамида мутолаа қила олган.
Като Ломб ўзининг тил ўрганиш тажрибаси билан ўртоқлашар экан, бу йўлга кирганларга тил билан ҳар куни шуғулланишни маслаҳат беради. Унинг таъкидлашича, вақти тиғиз инсон ҳам ҳеч бўлмаганда кунига 10 дақиқани тил ўрганиш учун ажратиши керак. Шунингдек, у ҳеч бир сўзни асосий матндан алоҳида ёдлашга уринмаслиги, ҳаётда кўп ишлатиладиган ибораларни ёдлаши, кўчада кўзи тушган ҳамма нарсани хаёлан таржима қилишга ҳаракат қилиши кераклигини уқтиради.
Хорижий тил — бир пайтнинг ўзида ҳамма томонидан ҳужум қилиниб, забт этилиши лозим бўлган қалъа, дейди Като Ломб. Газеталар ўқиш, радио тинглаш, таржима қилинмаган фильмларни томоша қилиш, хорижий тилдаги лекцияларда қатнашиш, қўлланмалардан фойдаланиш, хорижликлар билан ёзишмалар олиб бориш – буларнинг барчаси тилни тез ва мукаммал ўрганиш учун асос ҳисобланади.
Тил ўрганиш учун кечикканлигини важ қилувчиларга яна бир факт: 86 ёшли Като Ломб 54 ёшли танишини учратиб қолганида унга шундай деган экан: “Стив, сен жуда ёшсан! Ҳали қанча тилни ўрганишинг мумкин-а!”.
Доимгидек хулосани ўзингизга қолдирамиз. Фақат энди сиз билган баҳоналар ишламаслигини, виждонингиз олдида ҳимоясиз эканлигингизни унутманг. Мақоладан кейин бирор хорижий тилни ўрганишга аҳд қилган бўлсангиз, сафимизга хуш келибсиз.
Асқар БАРОТОВ.