Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тилшунослик фанларининг ўқитилиши

Бундан 600 йил муқаддам Самарқанд мадрасаи олиясида тилшунослик илмига ҳам алоҳида эътибор билан қарашган. Тадқиқотчи К.Каттаев маълумотларига кўра, ўша даврда Улуми мудаввана (илмлар тартиби) деб аталган илм турлари таркибига Илми адаб – филология мавжуд бўлиб, у 12та алоҳида илмлар мажмуининг умумий номи ҳисобланган. Унда тилшуносликка оид луғат, сарф, наҳв каби фанлар ҳам ўргатилган. Шунингдек, Илми лисон – тилшунослик, Илми луғат – луғатшунослик фанлари ҳам ўқитилган. Мадрасада ўқитиладиган бу каби фанлар эса толиби илмларнинг тил билимларини яхши эгаллашлари учун хизмат қилганликларини кўришимиз мумкин.

Сарфу наҳвда (араб грамматикаси): Сибавайҳ, Замахшарий, Ибн Ҳожиб, Жомий каби алломалар томонидан тилшуносликка бағишлаб ёзилган асарлар асосий дастур сифатида ўқитилган. Бундай мураккаб ва айни пайтда жуда пишиқ дастур асосида тузилган мадрасавий таълим даврини сабру қаноат билан мукаммал ўтаган илм толиби албатта ўз замонасининг етук олими бўлиб етишган.

Самарқанд мадрасаи олиясида турли тарихий даврларда тилшунослик ёки тил билан боғлиқ бўлган фанлар ўқитилишнинг тўхтаб қолмаганлигини миллий маърифатпарварларимизнинг йирик вакили бўлган Абдурауф Фитрат фаолиятида бевосита кўришимиз мумкин. Кўпгина тарихий маълумотларда келтириб ўтилганидек А.Фитратнинг 1927-1937 йиллардаги фаолияти Самарқанд билан, хусусан, университет билан боғлиқ эди. Унинг “Тилимиз”, “Муқаддиматул-адаб”, “Имло конфренсияси муносабати ила”, “Сарф”, “Наҳв” ва шу каби асарларида бевосита тилшунослик масалалари ёритилганлигининг гувоҳи бўламиз. Олим ўзбек тили морфологияси ва синтаксисига бағишланган “Сарф”, “Наҳв” асарлари билан ўзбек тили грамматикасини илмий асосда ўрганибгина қолмай, ўзбек терминшунослигига кесим, эга, тўлдирувчи, ҳол терминларини ҳам олиб кирган. Шу асарлари асосида эса 1927-1929 йиларда Самарқанд дорулфунунида талабаларга маърузалар ўқийди.

Бугунги кунда ўзининг олти асрлик юбилейини нишонлаётган университетимизда ҳам тилшунослик фанлари ўқитилиб келинмоқда. Муқаддас даргоҳда республикада ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлган йирик тилшунос олимлар талабаларга билим бериб келишмоқда. Бу эса Улуғбек мадрасаси вориси сифатида эътироф этилаётган Самарқанд давлат университетимизда XV асрдан бошланган тилшунослик билимлари ўқитишнинг узвий давом этиб келаётганлигини кўрсатади.

Б.Қодирова,

Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси.