Тинчлик бузилган, ҳаловат йўқолган, тотувлик қўлдан кетган жойдан барака қочади
Хотира – муқаддас, қадр – абадий, тарихий хотирасиз келажак йўқ. Аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатган халқнинг бугуни фаровон, эртаси ёруғ бўлади.
Олис кечмишда содир бўлган ҳар бир воқеа-ҳодиса кейинчалик моҳият эътиборига кўра тарихий сабоқ ва хулосага айланади. Миллатнинг барҳаётлиги ва келажаги мана шу сабоқ ва хулосага ҳам боғлиқ бўлиб, жамиятнинг келгусидаги маънавий-ахлоқий мавқеини белгилайди. Ҳар бир миллатнинг ўзи, олис аждодлари босиб ўтган ўтмишга доир хотирасининг уйғоқлиги уни эзгуликлар сари ундайди. Хотираси, миллий ва диний қадриятлари, аждодлари меросидан жудо қилинган халқ эса, шубҳасиз, таназзулга юз тутади. Тарих саҳифаларида бунга мисоллар кўп.
Инсон хотираси ҳар бир кишининг узоқ-яқин ўтмиш тарихдан, воқеа-ҳодисалардан хабардорлиги, ўз аждодларининг эзгу амаллари, келажак авлодларга қолдирган маънавий-маърифий меросидан баҳрамандлиги ва уларга амал қилиши демакдир. Бу хабардорликдан миллий хотира келиб чиқади. Ўтмиш тарихнинг бугунги кун ва эртанги келажак билан бевосита боғлиқлиги ҳақида фикр юритилганда айни шу ҳолат кўзда тутилади.
Инсоният тарихи бир қарашда одамларнинг бу ёруғ оламда тинч-тотув умргузаронлик қилиши учун ҳаракатлари, жангу жадаллар, талотўплар, қирғинбарот урушлар, табиий офатлар ва яна кўп сир-синоатлардан иборатдай туюлади. Аслида ҳам шундай. Аммо тарих саҳифаларига нақшланган беадоқ хотиралар ичида энг муҳими — содир бўлган воқеа-ҳодисалардан, инсониятнинг буюк бунёдкорлик ишларидан, яратувчилик фаолиятидан англашиладиган хулосалардир.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ халқимизнинг асрлар давомида босиб ўтган ўтмиш тарихини, озодлик учун курашлари саҳифаларини чуқур ўрганиш, бобокалонларимиз ҳурматини жой-жойига қўйиш, ёш авлодни улар билан ҳақли равишда фахрланиш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётганлиги бежиз эмас. Бу эътибор миллий истиқлол ғоясининг, маънавий тарбия ишининг, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлолимизга садоқат руҳини шакллантиришнинг бош мақсадини ташкил этади. Бунинг боиси, хотира ва қадр туйғуси ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдирилсагина улар қалбида буюк аждодларимизга, кекса авлод вакилларига муносиб ворислар бўлиб етишиш орзуси рўёбга чиқади.
Агар биз ўтмиш аждодлар хотирасиниулуғласак, Ватан озодлиги, миллат равнақи йўлида жон фидо қилган ватандошларимизни унутмасак, уларнинг жасорати ва фидойилигини ўзимиз, фарзандларимиз учун ўрнак деб билсак, ибратли ишларини давом эттирсак, кейинги авлодлар ҳам айни шундай йўл тутади. Шу боис, ортимиздан келаётган ёш авлодни ҳар жиҳатдан комил инсонлар қилиб тарбиялашда, маънавий-маърифий ишимизда, олиб бораётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида ва, айниқса, сафимизга қўшилаётган ёшлар билан ишлашда, уларнинг дунёқарашини, онг-шуурини тўғри шакллантиришда тарихий хотирадан, мозий сабоқларидан, аллома аждодларимизнинг мерос ва ўгитларидан, донишмандларимизнинг асарларида баён қилинган кўрсатмалардан унумли фойдаланишимиз зарур.
Бу йилги Хотира ва қадрлаш куни Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 79 йиллигига тўғри келди. Йиллар уруш асоратларини, беадоқ ғам-андуҳларни биздан тобора узоқлаштирмоқда. Жанггоҳларда қон кечиб, урушнинг жамики азоб-уқубатларига гувоҳ бўлган, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ватандошларимиз сафи тобора камайиб бораётир. Шу боисдан уларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уруш ҳақидаги тасаввурлари китоблар, бадиий, ҳужжатли фильмлар, мўйқалам соҳибларининг полотнолари таъсирида шаклланаётган ёшлар билан учрашувлар ўтказиш, хотираларни ёзиб олиш ниҳоятда муҳим.
Тан олиш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга, турмуш даражасини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ҳам алоҳида ғамҳўрлик кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг 16 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармон ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Бу уруш фахрийларини нафақат моддий рағбатлантириш, балки маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Байрам кунида халқимиз шу ёруғ ва фаровон кунларга шукроналар айтиш баробарида, ҳаётимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, осмонимизнинг мусаффолиги учун жангу жадалларда жон олиб, жон берган аждодларимиз хотираси олдида бош эгади. Айни чоғда, бугун ҳаёт бўлган, орамизда яшаётган, ҳаёти ва бой тажрибаси билан ёш авлодга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган уруш қатнашчиларининг ҳурматини ҳар қанча ўрнига қўйсак арзийди. Уларнинг кўнглини олиш, дардига малҳам бўлиш йўлида қўлимиздан келган барча ишни қилиш бугунги авлод учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлмоғи даркор.
Хотира ва қадрлаш кунининг маънавий моҳияти яна шундан иборатки, мамлакатимизда нафақат уруш қатнашчилари, шу билан бирга, кўпни кўрган нуроний отахон-онахонлар, устоз ва мураббийлар, ўз касбининг моҳир усталари тўғрисида ҳам ғамхўрлик қилинмоқда. Чеҳрасидан нур ёғилиб турган кекса авлод вакилларининг бебаҳо ҳаётий тажрибаси биз учун ниҳоятда муҳим. Улар ҳаётимизнинг кўрки, пиру-бадавлатлик рамзи. Кексалар билан бамаслаҳат иш тутиш, уларнинг дуосини олиш, оғирларини енгил қилиш халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунимизнинг муҳим вазифаларидан бири — ўсиб келаётган ёш авлодга, азиз фарзандларимизга тинчлик, бу — ҳаётдаги энг улуғ неъмат эканлигини тушунтириш, онг-шуурларига сингдиришдан иборат. Негаки, дунё минтақаларида уруш оловини қайта ёқиш, бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш, қуролли, ирқий ва бошқа можаролар чиқариш, халқларнинг осуда ҳаётига раҳна солиш ва бундан моддий манфаат кўриш ҳаракатлари ҳозир ҳам йўқ эмас. Тинчлик бузилган, ҳаловат йўқолган, тотувлик қўлдан кетган жойдан барака қочади, адоват уруғи вабо янглиғ урчий бошлайди. Одамлар яратиш, бунёдкорлик фаолиятидан чалғийди. Шу боисдан ҳам ҳамиша огоҳ бўлиш, аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик тўғрисидаги даъватларни доимо ёдимизда тутмоғимиз ва унга амал қилмоғимиз зарур.
Хотира ва қадрлаш — ҳар биримизнинг миллат равнақи, ҳаётимизнинг фаровонлиги билан бевосита боғлиқ эзгу ниятимиз ва амалий ишларимизда ҳам ўз аксини топади. Биз, шубҳасиз, буюк хотирага эгамиз, аммо буюк келажакни хотира билан фахрланишнинг ўзи билангина яратиб бўлмайди. Биздан буюк ишлар хотира бўлиб қолиши, бугунги, келажакдаги ишларимиз, эзгу амалларимиз ва ютуқларимиз ҳам келгуси авлодларни янги зафарларга руҳлантириши ва илҳомлантириши лозим.
Худоёр Маматов,
юридик фанлар доктори, профессор.