Тўқайзорлар табиат дурдонаси

Тўқайзорлар дарё сувини тақсимлаш, тошқинларнинг олдини олиш, тупроқ эрозияси ва дарё қирғоқлари емирилишининг олдини олиб, тупроқдаги туз меъёрини сақлайди. Аммо хўжасизларча муносабат Зарафшон бўйи тўқайзорларини жиддий инқирозга учратди, асосий майдонлари пайҳонланиб, қишлоқ хўжалик экинлари экиладиган далаларга айлантирилган. Шу сабабдан қачонлардир мавжуд бўлган тўқайзорлардан унинг айрим фрагментларигина сақланган, холос.
Тўқайзордаги ҳар бир ўсимлик Ўзбекистон флорасининг генофондини ташкил этади. Шу генофондни сақлаш мақсадида "Зарафшон", Амударёда "Пайғамбар ороли" ва "Бадай-тўқай" қўриқхоналари ташкил этилиб, ўсимликлари давлат ҳимоясига олинган.
Вилоятимизда "Зарафшон" давлат қўриқхонаси жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони 2352 гектар. Шундан ўрмон билан қопланган майдонлар – 868, тошлоқ ва тақир ерлар – 310, сув, ариқ, ботқоқликлар – 284, табиий бутазор ва қамишзорлар – 890 гектарни ташкил қилади.
Бу қўриқхонада ҳақиқий тўқайзорга хос ўсимликлар сақланиб қолган. Тўқайзорда ўсадиган ўсимликларнинг аксарият қисмидан инсоният маълум мақсадларда фойдаланиши мумкин. Лекин табиат инъомларининг захираси ҳам бир кун бориб тугайди. Шу боис ундан оқилона фойдаланишимиз керак.
Ўсимликлар тугайдиган ва тикланадиган табиий ресурсларга киради. Бироқ кейинги йиллардаги инсоният томонидан ўсимлик дунёсига бўлган муносабат уларнинг тикланиш имкониятини борган сари камайишига олиб келмоқда. Тўқайзорлардаги тол ва теракларнинг ҳаддан зиёд кўп, режасиз кесилиши, чорва моллари яйловларига айлантирилиши, табиий офатлар, ёнғинларнинг таъсири ёш тупларни ҳам зарарлантирди. Улар ўсадиган ҳудудларнинг кенг ўзлаштирилиши, дарё суви режимининг ўзгариши, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари ва ёнғинлар дарахтлар ареалининг кескин қисқаришига сабаб бўлмоқда. Чаканда, жийда, зирк, наъматак каби бебаҳо доривор буталар ҳам кескин камайиб кетди. Бу буталар доривор бўлиш билан бирга, уларнинг меваси тўқайзордаги ёввойи ҳайвонлар, қушлар учун озуқа ҳамдир. Бу ўсимликлар захирасини қайта тиклаш мақсадида тўқайзорларнинг очилиб қолган жойларига қайтадан экишимиз лозим. Улар тўқайзор шароитида тез ўсиб, ўша жойда яна табиий муҳитни ҳосил қилади. Бу тўқайзор экотизимини қайта тиклашнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Шундагина тўқайзорларда ўсадиган шифобахш доривор ўсимликларни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни янада ривожлантириш мумкин.
Тўқайзорлар ҳам бошқа табиат неъматлар сингари умумхалқ бойлиги ҳисобланади. Унинг табиийлигини сақлаш ҳайвонот ва наботот оламини асраш инсоният учун зарур бўлган экотизим яратишга хизмат қилади.
Тоштемир ОСТОНАҚУЛОВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
Абдуғани ЭЛМУРОДОВ,
Ўзбекистон Экологик
ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.