Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Топмадим

(Алишер Навоий ғазалига мухаммас)

Яхшиға кўз тутдим-у, ширин забоне топмадим
Боғни барпо этдим-у бир боғбоне топмадим
Толе инъом этдим-у бахтдин нишоне топмадим,
Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо, оромижоне топмадим.

Даҳр ичинда мен ўзимдек хоксоре кўрмадим,
Кузни кўрдим, қишни кўрдим, лек баҳоре кўрмадим.
Интизор бўлдум, ва лекин интизоре кўрмадим,
Ғам била жонимға еттим, ғамгусоре кўрмадим,
Ҳажр ила дилхаста бўлдум, дилситоне топмадим.

Не қаро кўз, не ширин сўзлар қилурлар қасди жон,
Қасди жон этган гўзаллар қўймағай ҳаргиз омон.
Ҳам олур жон, ҳам маломат айлағайлар бегумон,
Ишқ аро юз минг маломат ўқига бўлдум нишон,
Бир камон абрўда тузлуқдин нишоне топмадим.

Бошлар узра абри борон тинмайин солмиш сурон,
Ашкларим селобидан тўлгай ҳовузлар бегумон.
Ҳар киши ҳайрон қолур бул кўнглима боққан замон,
Кўнглим ичра сарв ўқдир, ғунча-пайкон, гул-тикон,
Даҳр боғи ичра мундоқ гулистоне топмадим.

Ишқ аро куйсам-да юзни ўзга ёққа бурмадим,
Минг тараддуд бирла лекин ишқда сокин турмадим.
Бир нафас шодмон бўлибким, давр-у даврон сурмадим,
Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим,
Ишқ кўйида ўзимдек нотавоне топмадим.

Қанча шоирлар яратмиш икки дилхун қиссасин,
Фарҳод-у Ширин била Лайли-ю Мажнун қиссасин,
Чўлдаги сайрона-ю ҳамда Биҳистун қиссасин,
Кўп ўқудум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдан бул, ажаброқ достоне топмадим.

Навжувон ичинда бўлсин, эй Навоий, гарчи мен,
Кўп ямон ичинда бўлсин, эй Навоий, гарчи мен,
Хонумон ичинда бўлсин, эй Навоий, гарчи мен
Ул амон ичинда бўлсин, эй Навоий, гарчи мен
Бир замон ишқида меҳнатдин амоне топмадим.

Ҳар бир ишда ул тағофил бандасин юз қатла хайф,
Оқил эрмас, ғофили арзандасин юз қатла хайф.
Мавлуда, айт, даҳри дуннинг шиквасин юз қатла хайф,
Табъ ганжидин маоний хурдасин юз қатла хайф,
Ким нисор этмакка шоҳи хурдадоне топмадим.

Мавлуда Рўзиева,
Иштихон тумани.

***

Навоий ёди

Майли ўтиб кетди нақд олти аср,
Қулоғимдан кетмас ғазал фарёди.
У қўйган тамал тош йиқилмас қаср,
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Адабиёт сени бино қилган ким?
Назм-у наво сени пайдо қилган ким?
Севгини сувларда фано қилган ким?
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Қалбим ғазалларга қоришган абад,
Бешикда вужудга тўкилган шарбат,
Фарҳод ва Ширинни ёқиб ишқли дард,
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Қалбимга тўкилар ғазалдан майлар,
Қаламим қоғозни тилмоққа шайлар,
Барибир менга ҳам ишқ куйин жойлар,
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Айтгин сени тағин яратмоқ учун,
Қанча Ҳиротларни яратсин очун,
Чин ишқни сувларга оқизай нечун,
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Сен назм дунёси сўнмас маёғи,
Туркий тил тарихга қилган сўроғи,
Буюк халқ адабга қўйган байроғи,
Биздан унутилмас Навоий ёди.

Суҳробжон Тиловов.