Тошкент Вашингтондан COVID-19 вакциналарини етказиб беришни кутмоқда

Ўзбекистон расмийлари АҚШдан COVID-19 га қарши - AstraZeneca, Pfizer, Moderna ва Johnson & Johnson компаниялари вакциналарини етказиб берилишини кутмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва АҚШ вице-президентининг махсус маслаҳатчиси Лиза Сойер Вашингтонда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

"Учрашувда, шунингдек, Оқ уйнинг 80 миллионга яқин AstraZeneca, Pfizer, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналарини мамлакатларга жўнатиш режаси доирасида Ўзбекистонни COVID-19 га қарши вакциналар билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди", дейилади хабарда.

Маълумки, 1 апрель куни Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш кампанияси бошланди. Айни пайтда ўзбекистонликлар AstraZeneca (Covishield) вакцинаси, Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical препаратлари ва Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланмоқда.

Сешанба куни Ўзбекистон Россиянинг "Спутник-V" вакцинасининг учинчи партиясини қабул қилди.

Шунингдек, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ушбу вакцинани республикада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тўғрисида келишиб олганликлари ҳақида хабар берилди.