Тошкентда “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг жиноий фаолиятига чек қўйилди
2019 йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам таъкидланган оқимнинг аъзоси сифатида ноқонуний фаолият билан шуғулланганлиги боис жазо муддатини ўтаб чиққан бўлиб, мамлакатимиз ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмаклардан хулоса чиқармаган. Ўзаро жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” оқимининг ғояларини тарқатган ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган. Шунингдек, юртимиздаги ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, уларни жиноят содир этишга чорлаган.
Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Minjust.uz” номли веб-сайтида экстремистик ва террористик ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб борилаётганлигини маълум қиламиз.
Аввалроқ, 16 октябрь куни Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган «Хизб ут-таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилгани хабар берилганди.