Тошкентда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти тақдимоти бўлди

"Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси!". Ана шу шиор остида мамлакатимиз бўйлаб Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган тақдимот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Тошкент вилоятида туризм соҳаси вакиллари – туризм бошқармаси мутасаддилари, тур-операторлар ва соҳа тадбиркорлари иштирокида Самарқанд вилоятининг сайёҳлик имкониятлари, янги туризм йўналишлари ҳамда туризм қишлоқлари бўйича тақдимот бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, Самарқанд туризм соҳасида 2024 йилда юқори натижаларга эришди. Вилоятга 2,52 миллион нафар хорижий ва 4,71 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Туристларнинг Самарқандда бўлиш давомийлиги 2,7 кунга, туризм хизматлари экспорти эса 537 миллион долларга етди.

Ҳозирда вилоятда 642 та жойлаштириш воситаси, 389 та сайёҳлик компанияси ва 680 нафар гид-таржимон фаолият кўрсатмоқда. Халқаро меҳмонхона тармоқлари қаторига "Hilton", "Mövenpick", "Minyoun" каби брендлар қўшилди. 2024 йилда 459 млрд. сўмлик 33 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.

2025 йилда вилоятга 2,55 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш ва 550 миллион долларлик туризм хизмати экспорт қилиш режалаштирилган. Келгуси йил, айниқса, зиёрат туризмига алоҳида эътибор берилади. Имом Бухорий мажмуаси янги биносининг очилиши билан "Умра Плюс" дастури доирасида Самарқандга келаётган зиёратчилар учун қўшимча хизматлар йўлга қўйилади.

Шунингдек, ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессияси илк бор Париждан ташқарида – Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Бу вилоятнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Тадбир давомида иштирокчиларга шу каби маълумотлар ҳамда Самарқанднинг бой тарихи, маданий мероси ва замонавий туристик инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Янги туристик йўналишлар, экологик ва гастрономик туризм имкониятлари таништирилиб, халқаро меҳмонхоналар, транспорт қулайликлари ва замонавий сайёҳлик лойиҳалари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Тадбир якунида туризм соҳаси вакиллари ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Самарқанд вилояти билан туризм соҳасида яқин ҳамкорлик қилиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ички сайёҳлар оқимини янада ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Гулжаҳон Маматқулова.