Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Товарлар эркин ҳаракатланишини чеклаш камида 10 миллион сўм жарима билан жазоланади

Монополия, рақобат тушунчалари ҳақида эшитамизу, уни тартибга солувчи, соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи орган ҳақида билганимиз кам. Ўзи шундай идора керакми, деган савол ҳам туғилади баъзан.

Яқинда бу борада қонунчиликда қатор янгиликлар бўлгани айтилмоқда. Хўш, уларнинг моҳияти нимада? Бундан нима наф?

Шу ва бошқалар ҳақида билиш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Ашуров билан суҳбатлашдик.

- Жаҳонгир ака, суҳбатимизни соҳага оид қонунчилик, аниқроғи, унга киритилган ўзгартишдан бошласак...

- Дарҳақиқат, жорий йилнинг 3 июль куни янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги Қонун давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. Қонун юртимизда товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш, товар, молия ва рақамли бозорларнинг самарали фаолият кўрсатишига шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Янги қонун билан 2012 йил қабул қилинган «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда 1999 йил қабул қилинган «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонунлар бирлаштирилган.

Бундан ташқари, қонунга бир қатор янги, яъни монополияга қарши комплеанс, рақамли платформа каби тушунчалар киритилди. Устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари киритилиб, табиий монополия субъектлари ҳам устун мавқега эга субъектлар қаторига қўшилди.

Қисқаси, қонун рақобатга қарши ҳаракатларнинг камайишига, иқтисодий фаолият эркинлиги, товарларнинг эркин ҳаракатланишига, рақобат муҳитини ривожлантиришга ҳамда товар ва рақамли бозорларнинг самарали фаолият кўрсатишига, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга ҳуқуқий асос яратади.

Ҳудудий бошқарма томонидан мазкур вазифалардан келиб чиқиб, тегишли ишлар амалга оширилади.

- Аксарият ҳолларда жамоатчиликда бошқа фаолият тўғрисида деярли тушунча йўқ. Шу боис ўтган олти ойда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича ҳудудий бошқарма томонидан қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси ҳамда ҳудудий бошқарманинг тегишли буйруқларига асосан, ҳокимликлар ҳамда давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар (фармойиш, қарор, буйруқ, йиғилиш баённомалари, чора-тадбирлар, ёзишмалар)нинг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича ўрганиш (инвентаризация) ишлари ўтказилди.

Ўрганишлар натижаси бўйича 6 та туман ҳокимликлари (Ургут, Паст Дарғом, Оқдарё, Иштихон, Тойлоқ ва Қўшработ тумани) ҳамда Самарқанд давлат ўрмон хўжалигига нисбатан Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси талаблари бузилиши бўйича ишлар қўзғатилди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида тегишли кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, январь-июнь ойларида 878 та танлов савдолари ўрганилди. Ўрганиш давомида 283 танлов савдоларида 289 та камчиликлар аниқланди. Шундан 23 ҳолатда иштирокчилар ўртасида афилланганлик, 259 ҳолатда савдо ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб бузиши аниқланган.

Аниқланган камчиликлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган корхоналарга кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида давлат харидлари соҳасида 15 та тадбиркорлик субъекти томонидан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва 5 ҳолатда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси талаблари бузилиши аниқланди.

Шу даврда табиий монополия соҳаси, шунингдек, нарх ва тарифларни тартибга солиш бўйича ҳудудий бошқармага 11 та мурожаат келиб тушди. Шундан 2 таси электр тармоқлари, 5 таси табиий газ таъминоти, 2 таси сув таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматдан норозилик тўғрисида ва 1 таси бошқа соҳага тегишли мурожаатларни ташкил этди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича 9 тасига тушунтириш берилган, 1 таси тегишлилиги бўйича юборилди, 1 та мурожаат бўйича қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

- Янги таҳрирдаги қонунда қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чоралар кучайтирилгани айтилмоқда. Шундайми?

- Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилиб, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Яъни, рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органига ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд унга била туриб, нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача (990 минг сўмдан 3 миллион 300 минг сўмгача);

мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (6 миллион 600 минг сўмгача) миқдорда жарима жазоси тайинланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахси томонидан хомашё, товарларнинг эркин ҳаракатланишини ва реализация қилинишини ҳамда хизматлар кўрсатилишини қонунга хилоф равишда чеклаш БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 миллион 900 минг сўмдан 16 миллион 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга ошириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилиш ваколатлари ёки рўйхатга олиш ёхуд аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари ёхуд юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 миллион 900 минг сўмдан 16 миллион 500 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланишга асос бўлади.

Рақобатга қарши битим (картель келишуви) иштирокчиси келишув ёки тил бириктириш факти ҳақида монополияга қарши органни ихтиёрий равишда биринчи бўлиб хабардор қилса, у жавобгарликдан озод этилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу қонун монополист корхоналар, табиий монополия субъектлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг рақобатга қарши ҳаракатларини чеклайди, рақобатга қарши ҳаракатлар содир этилган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

- Табиий савол туғилади, дейлик, мурожаат асосида қандайдир ҳуқуқбузарлик (майли, жиноят демайлик) ҳолати аниқланди. Бунда бошқарма тегишли баҳо бериш учун ҳуқуқий идораларни хабардор қиладими?

- Албатта, ўрганишлар давомида турли ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Мисол учун, «Инновацион Сервис» МЧЖ газ истеъмолини ҳисобга олувчи «Автопилот ПРО» электрон газ ҳисоблагич ўрнатганлиги, ҳар ойда ҳисоблагич архив маълумотлари асосида икки томонлама далолатнома тузилиб, ҳисоб-китоб қилиб келинаётганига қарамасдан, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан ҳақиқатда ишлатилмаган табиий газ учун тўлов ҳисобланаётганлиги тўғрисида мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминот филиалига нисбатан иш қўзғатилди.

Кўриб чиқиш натижасида «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминот филиалига қарашли Пахтачи ГТС Пахтачи-3 саноат тармоғидан 2022-йил январь ойида олинган табиий газ ҳажми ва саноат тармоғига уланган улгуржи истеъмолчилар газ сарфи ўртасида юзага келган тафовут истеъмолчиларнинг истеъмол ҳажмига нисбатан пропорционал тарзда тақсимланганлиги аниқланган.

Кўрсатмамизга асосан «Инновацион Сервис» МЧЖга асоссиз ҳисобланган 6406 метр куб табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, ҳудудий бошқарма ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида иш қўзғайди ва уларни кўриб чиқади. Қонун ҳужжатларининг бузилиши юзасидан табиий монополия субъектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Қонунларнинг бузилиш ҳолатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш бўйича бирон-бир органни хабардор қилиш белгиланмаган.

- Қонунчиликда сизларга янги ваколатлар ҳам берилди-ку.

- Янги таҳрирдаги қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамни баҳолаш тизими жорий қилинади.

Бундан ташқари, рақамли платформаларни ҳам монополияга қарши тартибга солиш имконияти юзага келди. Шу билан бирга, инсофсиз рақобатнинг янги турларини аниқлаш ва қонунбузилишларни бартараф этиш имконияти яратилади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.