Тўйда заҳарланганлар аҳволи бўйича тўлиқ маълумот берилди
Жомбой туманида яшовчи 19 нафар шахс тўй базмида овқатдан заҳарланиб, тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиология хизмати тўлиқ маълумот берди.
Унга кўра, заҳарланиш шу йилнинг 26 май куни Самарқанд шаҳар, Фарҳод қўрғонида жойлашган МЧЖга қарашли “Яккасарой” тўйхонасида ўтказилган суннат тўйи тадбирида қатнашганларда кузатилган. 28, 29, 30 май кунлари жами 19 нафар фуқаро “Овқатдан заҳарланиш” ташхиси билан шифохоналарга ётқизилган.
Жумладан, Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига Жомбой тумани Олмазор маҳалласида яшовчи 11 киши, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига Янгиобод маҳалласида яшовчи 3 киши, Жомбой туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли “Зарафшон” ҚВПга Олмазор маҳалласида яшовчи 5 киши мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик текширув ва суриштирувлар натижасига кўра, барча беморларда 27 май куни эрталабдан кўнгил айниш, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби бир хил клиник белгилар кузатилган.
Заҳарланиш сабабларини ўрганиш борасида беморлар ва тўй тадбирига қатнашганлар билан ўтказилган сўров-суриштирувларда фуқаролар ўз касалликлари бошланишини Фарҳод қўрғонида ўтказилган тўй тадбирида истеъмол қилинган гўштли ассорти маҳсулотлари билан боғлиқлиги аниқланган.
Шифохонада беморларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ошқозони ювилган, тозаловчи ҳуқна қилинган ва беморлардан олинган биоматериал намуналари лаборатория таҳлили учун Жомбой ва Булунғур туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг бактериология лабораторияларига юборилган. Беморларда дезинтокцикацион ҳамда симптоматик даво муолажалари ўтказилган.
Тўй тадбирида жами 350 нафарга яқин фуқаро иштирок этган. Қатнашганларни аниқлаш борасида ўтказилган уйма-уй кўрик ва суриштирувларда Жомбой туман Олмазор қишлоғида яшовчи 165 нафар фуқаро, Булунғур туман Чангал қишлоғида яшовчи 30 нафар фуқаро ва Жиззах шаҳри “Саройли” МФЙ ҳудудида яшовчи 7 нафар фуқаро тўй тадбирида қатнашгани аниқланган.
Жиззах вилоятидан келган фуқаролар тўғрисида Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига хабар қилинган ва улар томонидан ўрганилганда 7 нафар фуқарода касаллик белгилари аниқланмаган.
Бугунги кунда касалхонадаги барча беморларнинг ҳолати ижобий тарафга ўзгарган. Даволаш муолажалари муваффақиятли якунланиб, барча беморлар уйига жавоб берилган ва уларнинг соғлиги кузатувга олинган.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.