Тойлоқда шакар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши Тойлоқ туманида ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди ва тумандаги йирик корхона - “Siyob Group” кўп тармоқли холдинг компаниясидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Маълумотларга кўра, корхонада 80 турдан ортиқ сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда корхона маҳсулотлари дунёнинг ўндан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. Бу ерда нафақат тойлоқлик маҳаллий аҳоли, балки вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган ишчи-хизматчилар ишламоқда.

Корхона билан танишувдан сўнг Тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бошланди.

Тадбир аввалида “Siyob Group” кўп тармоқли холдинг компанияси масъуллари қанд лавлагидан шакар ишлаб чиқариш лойиҳасини тақдим этди. Таъкидланишича, 100 тонна лавлаги хомашёсидан 15 тонна сифатли шакар олиш мумкин. Агар корхона ташкил этилса, вилоят иқтисодиётига катта даромад келиши, экспорт салоҳияти ортиши, 100 дан зиёд иш ўрни яратилиши мумкин.

Тадбиркорлар кенгашида Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров ҳудуднинг инвестициявий имкониятлари, келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, старт-ап ва ижтимоий лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

Кенгаш аъзолари ушбу таклифлардан келиб чиқиб ўз фикрларини билдирдилар.