Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Транспорт билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал этилади?

Вилоят Матбуот уйида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Қоржовов иштирокида бўлиб ўтган анжуманда бугунги кунда жамоат транспортидаги муаммолар ечими, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Унда бугунги кунда вилоятда 394 та йўловчи ташиш йўналишлари мавжуд бўлиб, тадбиркорлар томонидан паст рентабелли ҳамда сарфланган харажатларни оқламаган 50 та йўналишнинг фаолияти тўхтаб қўйилганлиги таъкидланди.

Самарқанд шаҳрида 61 та йўловчи ташиш йўналишларидан 49 тасида 389 та автобус, 4 та йўналишли такси йўналишида 41 та микроавтобус хизмат кўрсатиб келмоқда. 8 та автобус йўналишларининг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Шунингдек, 2571 та йўналишсиз таксилар аҳоли узоғини яқин қилмоқда. 651 та халқаро йўналишда лицензияга эга бўлган юк ташувчи транспорт воситалари фаолият олиб бормоқда.

- Жорий йилнинг шу даврига қадар «Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси» ўтказган очиқ тендерларда 88 та йўналишлар кўриб чиқилди, - дейди Ж.Қоржовов. - Уларга 70 та автобус ҳамда 18 та йўналишли такси йўналишлари жойлаштирилди. Қишлоқларни туман марказлари билан, туман марказларини вилоят марказлари билан боғлайдиган янги 25 та такси ва 12 та автобус йўналишлари ташкил этилди.

Эндиликда шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоятлараро) ва халқаро юк ва йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар онлайн тарзда амалга оширилади. Ҳозирда бу борада транспорт вазирлиги томонидан махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Бу эса тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиб, шаффофликни таъминлайди.

Самарқанд шаҳрининг 54 та ҳамда туманлардан шаҳарга кириб келадиган (50 км радиусдаги) 46 та нуқталарда транспорт оқими, 12 та йўл кесмалари ва 10 та асосий кўчаларда транспорт ҳаракат тезлиги ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

Жорий  ҳолат бўйича транспорт моделини шакллантириш мақсадида йўл-кўча ўтказгичлари бўйича 20476 та чорраҳа, 7574 километр йўл ўрганилиб, геоахборот базасига киритилди. Шунингдек, 205 та мунтазам йўналишлар, 972 та транспорт ҳудудлари, 1995 та тўхташ жойлари рақамлаштирилди.

Дилмурод Тўхтаев.