"туғруқхонада барча хизматлар бепул!" ростдан ҳам шундайми?
Аммо маълумот очиқлиги таъминланган муассасаларда ҳам норозилик кайфияти пайдо бўлишига сабаб нима?
Мисол учун, аксарият туғруқхоналарда аҳоли учун муҳим ҳисобланган маълумотлар очиқ-ошкора илиб қўйилган, "Туғруқхонада барча хизматлар бепул!" каби. Унинг ёнида асосий дори воситалари ҳам бепул, деган эслатмалар ҳам бор. Хўш, ушбу муассасаларда кўпчилик учун зарур бўлган асосий маълумот барчага кўринарли жойда илинган экан, нега одамлар орасида норозилик бор?
– Яқинда фарзандли бўлдим, – дейди Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Асрор исмли йигит. – Рафиқамни туғруқхонага олиб келганимда шифокорлар "Ҳаммаси яхши бўлди, ҳеч қандай асоратларсиз ўтди. Она ҳам, бола ҳам соғлом", дейишди. Қувончимизнинг чеки йўқ. Биринчи бор фарзандли бўлишим эмасми, шифокорларнинг она ва боланинг соғломлиги ҳақидаги хабари кўнглимни тоғдай кўтарди. Дўстларим орасида туғруқхонага дори ташиб, фарзандию аёли саломатлигини ўйлаб, ташвишланганларини кўп кўрганим учун бу ҳолатдан таскин топдим, шукур қилдим. Аммо орадан кўп ўтмай, шифокорлар дори ёзилган қоғозчани чиқариб беришди. Бу дорилар ҳар бир онага қилиниши кераклигини билиб, дарҳол келтириб бердим. Кечга бориб яна дори ёзилган қоғозча қўлимга тегди. Хуллас, туғруқхонадан чиққунича 300 минг сўмга яқин пулни дори-дармонга сарфлабман. Шундан сўнггина туғруқхона деворида илинган "Барча хизматлар бепул", деган ёзувга кўзим тушди. Тўғриси, она ва бола соғлом туғилди, дейишгани учун дорилар рўйхати кетма-кетлигидан шубҳага тушдим. Ушбу рўйхатни олиб, бош шифокор ҳузурига киришга мажбур бўлдим. Уларни кўриб чиққач, бош шифокор ушбу дориларнинг аксарияти туғруқхонанинг ўзида борлигини айтди. Шифокорни чақиртириб, унга танбеҳ берди.
Гулноза ҲОЖИМЕТОВА, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари:
– Туғруқхоналарнинг туғруқ бўлимларидаги барча тиббий хизматлар бепул. Мамлакатимизда оналарнинг ҳар томонлама соғлом бўлиши, фарзандининг саломат дунёга келишини таъминлаш юзасидан бехатар оналик принциплари асосида иш олиб борилади. Туғруқ пайти дори-дармонлардан камроқ фойдаланиш шу принципнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўтган йилдан бошлаб, туғруқхоналарга дори воситалари учун ажратилаётган бюджет маблағлари 20 фоизга ошди. Ушбу маблағ оналар учун лозим бўлган энг асосий дори-дармонлар учун етарли ҳисобланади.
Лекин менга ўхшаб ота бўлганларнинг қанчаси билан суҳбатлашиш жараёнида дорихонага серқатнов бўлиб қолганлигини билдим. Хўш, уларнинг кўпчилигига туғруқхонада мавжуд дориларнинг рўйхати берилаверса, улар ҳам ўша пайт янги туғилган чақалоқ қувончи билан сўралганларини олиб келаверса…
– Докторлар психолог бўлиб кетишган, – дейди яқинда неварали бўлган онахон. – Аввал афт-ангорингизга бир разм солиб қўйишади. Сал дадилроқ бўлсангиз, демак, муносабат ҳам, талаб ҳам шунга яраша бўлади. Моддий аҳволи сал оғирроқ бўлганларга эса эътибор ҳам камроқ.
Самарқанд шаҳридаги туғруқхоналарга рафиқаси, келини, қизи ортидан келган одамлар билан суҳбатлашсангиз, турфа фикрларни эшитасиз. Тўғри, улар орасида "Шифокорлар анча яхши қарашди, уларга мингдан-минг раҳмат", деганлари ҳам бор. Аммо юқоридаги каби дори излаб юрган, шифокорни рози қилишни ўйлаётганлар ҳам талайгина. Пул узатган кишининг юзи иссиқроқ кўриниши, унга муомала ҳам бошқача бўлишини тасдиқлайдиганлар барибир кўпроқ.
– Киришдан то чиқишга қадар пул. Аммо хизматлар бепуллиги ҳақида ёзиб қўйилиши ортиқча! – дея зарда қилади яқинда ота бўлган йигит.
Ҳа, бу фикрларни эшитарканман, у ёки бу соҳадаги маълумотнинг очиқлиги ҳали бу муассасада ҳамма ишлар аъло деганини билдирмас экан, деб ўйладим. Муҳими, белгиланган қоидаларга амал қилиш, ажратилаётган маблағларни ўз ўрнида сарфлаш ҳам лозимлиги аён бўлмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.