Туман ҳокими ўринбосари 5 минг доллар пора олаётганда ушланди
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Эркин Зоҳидов таъмагирлик йўли билан пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир давомида Эркин Зоҳидов 5000 доллар миқдорида пора олаётганда ушланди. У ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкка ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги ҳоким қарорини чиқаришда ёрдамлашишга ваъда берган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Эркин Зоҳидовга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (таъмагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эркин Зоҳидов (1971 йилда туғилган) — 1994 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. “Labzak Stroy Plus” (2010−2016), “Makon Kapital Invest” (2016−2019) компаниялари директорининг молиявий масалалар бўйича маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган. 2019 йилдан Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.