“Турар жой даҳаси” йўл белгисини кўрдингизми — тезликни 20 км.соатга туширинг

Халқаро, маҳаллий, умуман ҳар қандай йўлларга жойлаштирилган белгилар нафақат ҳайдовчи, балки йўловчи учун ҳам муҳим.

Қоида тариқасида белгилар ва йўл кўрсаткичлар ҳайдовчи ва йўловчи учун қулай ва кўринарли жойларга ўрнатилади. Чунки транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи белгиларга қараб ҳаракатланади, айнан бу белгиларга йўловчилар ҳам амал қилиши лозим.      

Ана шундай белгилардан бири бу 5.38 “Турар жой даҳаси” йўл белгиси ҳисобланади. Бу белги Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 2-иловасига мувофиқ, йўл ҳаракати қоидаларининг турар жой даҳаларида ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўл (турар жой даҳаси)ларда ўрнатилади. 

Ушбу йўл белгиси таъсир оралиғида амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 78-бандига мувофиқ “...турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) тезликни соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат берилган.

5.39 “Турар жой даҳасининг охири” йўл белгиси эса турар жой даҳаларида ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўлнинг тугаган қисми, яъни 5.38 “Турар жой даҳаси” белгисининг таъсир оралиғи тугаган жойни билдириш мақсадида ўрнатилади. Ушбу белгидан кейин транспорт воситалари ҳайдовчилари тезликни соатига 70 километрдан, тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиб 300 метрдан кам масофада соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Шу кунга қадар, 5.38 “Турар жой даҳаси” ҳамда 5.39 “Турар жой даҳасининг охири” йўл белгилари транспорт воситалари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Қорасув массиви ҳамда “Ватанпарвар” маҳалласига ўрнатилди. Бугунги кунда бошқа турар жой даҳаларига ҳам мазкур белгилар босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.

Элбек Маханқулов Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ  ЙҲХБ ЙИНҚБ  муҳандиси, лейтенант.