Туризм ривожланиши учун маҳаллий йўловчи ташиш тизими ҳам қулай бўлиши керак
Туризм соҳасининг бошқа соҳалардан фарқи шуки, мазкур соҳани ривожлантириш учун ўнлаб йўналишларда қулайлик яратилиши лозим. Соҳа биламизки, фақат туристик объектлар ва меҳмонхоналардан иборат эмас. Ана шу йўналишлардан бири — жамоат транспорти ҳисобланади. Ишонаверинг, токи ўта қулай йўловчи ташиши тизим бўлмас экан, ички сайёҳлар ҳам, хорижий меҳмонлар ҳам “комфорт” ҳис қилмайди.
Яқинда Президент раислигидаги йиғилишда Самарқанд энг кўп сайёҳ қабул қилган ҳудуд экани маълум қилинди. Энди тасаввур қилинг, бир неча йилдан буён муаммолардан боши чиқмаётган жамоат транспорти масаласи ҳам кўнгилдагидек бўлса сайёҳларга қанчалик қулай бўлади. Ҳозирча Самарқанддаги йўловчи ташиш автобусларини ҳар томонлама қулай ва замонавий дея олмаймиз. Дунёнинг истаган давлатида туристлар жамоат транспортини танлагани ҳолда биздаги автобусларларда улар кўринмаслиги бежиз эмас, албатта.
Самарқанд шаҳридаги ҳозирги жамоат транспортидаги қуйидаги муаммоларга фикримча, биринчи навбатда ечим керак:
- автобуслар аниқ режа асосида ҳаракат қилмайди;
- тартиб-интизом ва тозаликка риоя қилинмайди;
- битта автобусда баъзан бир нечта йўналишлар таблолари бор, улар ўзбошимчалик билан хоҳлаган пайтда йўналишни ўзгартиради;
- ёш болалар меҳнатидан кондуктор сифатида фойдаланиш ҳолатлари учраб туради;
- бекатларда оралиқ масофани сақламай узоқ вақт кутиб туради;
- одамларни белгиланган йўловчилар сони меъёрига амал қилинмайди;
- транспортлар техник ҳолати қониқарли эмас.
Кечагина вилоят кенгашида жамоат транспортида тўловлар электрон шаклга ўтаётгани маълум қилинди. Ҳатто йўлкира учун электрон тўлов нақд пулдан кўра анча арзон этиб белгиланиши таклиф қилинди. Бу ўзини оқлайди албатта. Агар тизим рақамлаштирилса, биринчи навбатда жамоат транспортида тартиб бўлади, мижозлар учун автобуслар бир-бирини қувмайди, эҳтимолий авариялар олдини олинарди ва энг асосийси пул айланмаси ҳам легаллашади.
Шунингдек, ҳайдовчиларни махсус синовлар орқали саралаб ишга жалб қилиниши керак. Улар юқори маош олиши лозим. Ҳайдовчи меҳнатидан фахрланиб юриши керак.
Умуман, агар жамоат транспорт кўнгилдагидек бўлса, кўпчилик шахсий автомобилидан эмас, жамоат транспортидан фойдаланиш эҳтимоли ошади. Бу эса шаҳардаги тирбандликлар сезиларли камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Бокир Абдуллаев.