Туризм соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорлик мустаҳкамланади

Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби - Ўзбекистоннинг Жанубий Корея Республикасидаги туризм бренди элчиси Канг Да Юн билан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят раҳбари Адиз Бобоев Ўзбекистон ва Жанубий Корея Республикаси ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Учрашув халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.

Жанубий Корея вакиллари мамлакатимизда кейинги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби Канг Да Юн ўз фаолияти давомида Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда илгари суриш борасида самарали фаолият кўрсатаётганини айтиб, Самарқанднинг туристик имкониятларини жаҳон бозорида фаол тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратишини билдирди.

Учрашув давомида Самарқанд вилоят ҳокимлиги вакиллари Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ва ташаббуслар ҳақида фикр алмашдилар.