Туризм университетининг 340 нафардан зиёд битирувчиси диплом олди

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган эди.

Марказий Осиё ҳамда мамлакатимизда етакчи ўринда турган ушбу университетнинг бакалавр йўналишини 315 нафар, магистратура йўналишини 28 нафар талаба битириб, катта ҳаётга қадам қўймоқда. Шу муносабат билан Самарқанд халқаро туризм марказида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилганлигининг 6 йиллик юбилейи ҳамда битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов онлайн нутқ сўзлади ва университет ҳаётида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, битирувчиларнинг кейинги ишларига муваффақият тилади.

- Битирувчиларимизга АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Япония каби 10 га яқин таълими ривожланган давлатлардан келган малакали профессор-ўқитувчилар инглиз тилида таълим берди, - деди А.Абдуҳакимов. - Эндиликда ҳар томонлама билимли ва зукко битирувчиларимиз Янги Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини юксалтиришда нафақат Самарқандда, балки мамлакатимизда ҳам улкан ютуқларни қўлга киритишига ишонамиз. 2021-2022 ўқув йилида университетга 8 нафар хорижлик талаба қабул қилинган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида 48 нафар, 2023-2024 ўқув йилида 65 нафар хорижлик талаба ўқишга қабул қилинди. Янги ўқув йилида уларнинг сони янада ошиши кутилмоқда.

- Тўрт йил бакалавр ва икки йил магистратурада  хорижлик профессор ўқитувчилардан таҳсил олдик, - дейди Шоҳруҳ Ҳайитбоев - Ўқиш давомида устозларимиз бошчилигида хориж давлатларида ва халқаро ташкилотларда малака ошириб, ютуқларга эришдик, ишли бўлдик. Жумладан, ўзим бир неча марта халқаро танловлар ғолиби бўлдим. Ҳозирда вилоят туризм бошқармасида халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси сифатида ишлаяпман.

Тадбир сўнгида талабаларга диплом ҳамда уларга таҳсил берган ўқитувчиларга, талабаларни  қўллаб-қувватлаган тадбиркорларга ташаккурномалар топширилди.