Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туризм йўналишидаги энг яхши стартап лойиҳалар амалда жорий этилади

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида туризм йўналишида таҳсил олаётган олий таълим муассасалари ва техникум талабалари ўртасида “Келажакдаги туризм усталари” танлови бўлиб ўтди.

Иштирокчилар туризм йўналишидаги стартап лойиҳалар, ошпазлик, официант ва гид хизмати шартлари бўйича дастур ҳамда маҳоратларини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар маҳоратини баҳолаб борди.

Танлов натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети талабалари биринчи ва учинчи ўринни эгаллаган бўлса, туризм ва маданий мерос техникуми талабалари иккинчи ўринни банд этди.

- “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси”га айланди, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов. - Вилоятимизга келаётган сайёҳлар сони кўпайиб бормоқда. Меҳмонларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсата оладиган салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, уларни соҳага жалб қилишимиз керак. Шу мақсадда ёшларнинг туризм йўналишидаги энг яхши стартап лойиҳаларини саралаб, амалда татбиқ қилишни режалаштиряпмиз.