Туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Грузиянинг “Реформатиc” консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Реформатиc” компанияси Ўзбекистонда 2040 йилгача мўлжалланган туризмни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда. Шу мақсадда компания мутахассислари вазирлик ва идоралар, шунингдек, вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда юртимизнинг туристик салоҳиятини ўрганмоқда.
Учрашувда Самарқандда туризм соҳасини ривожлантириш, хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб этиш, туризм хизматларини экспорт қилиш, инфратузилмани яхшилаш ва туристик контентни бойитиш масалалари ҳақида фикр алмашилди.
Адиз Бобоев вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги режалар ҳақида тўхталди. Хусусан, янги аэропорт қуриш ва Самарқандни йирик транспорт ҳабига айлантириш, ички ва халқаро рейслар, тезюрар поездлар қатновини кўпайтириш, янги меҳмонхона ва ресторанлар ташкил этиш масалалари ҳақида гапирди.
- 2025 йил якунига қадар вилоятга 3 миллион нафарга яқин хорижлик ва 5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келиши кутилмоқда, - деди вилоят раҳбари.
Учрашувда вилоятда гастрономик туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
“Реформатиc” вакиллари таъкидлашича, ишлаб чиқилаётган стратегияда ахборот ва яшил технологияларни жорий этиш, шунингдек, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Улар Самарқандда туризмни янада ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини ҳам баён этишди.
Меҳмонлар шаҳардаги тарихий обидалар, замонавий меҳмонхоналар ва “Ипак йўли” халқаро туризм маркази фаолияти билан танишиб, туризм соҳасидаги имкониятларни чуқур ўрганишни режалаштирган.