Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшганларга 50 миллион сўм грант берилади

Бу имконият давлат раҳбарининг 2022 йил 15 январда қабул қилинган “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонида белгиланди.

Фармонга кўра:

- 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 10 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 25 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

- 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 миллион сўм миқдорида, жами 10 миллиард сўмгача грантлар ажратилади.
Грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.