Туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ёхуд ҳудудларда зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятларидан фойдаланиш йўллари

Қолганлари эса туристик инфратузилманинг шаклланишини, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни, маълумотлар базаси яратилишини кутиб турибди.
Юртимиздаги муқаддас қадамжолар ва зиёрат масканларини ободонлаштириш ҳамда таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги "Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги қарорининг қабул қилиниши ва чора-тадбирлар дастурининг ишлаб чиқилганлиги ҳудудларда ҳали ўрганилмаган маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бундай қадамжолар вилоятимиз ҳудудларида ҳам кўпдир. 

Масалан, Пайариқ туманидаги   Наврўзтепа, Fилмонсойтепа, Оқтепа табиий тепаликлари, Нуробод туманидаги Остона бобо, Аработа, Кўчқорлиота, Саловатота зиёратгоҳлари, минг ёшли арча, Қўшработ туманида Қайнар авлиё булоғи, Нарпай туманидаги Хўжа Каризон ота, Кўк ота, Каттақўр-ғон туманидаги Андоқий, Кашан ота зиёратгоҳи ва булоғи, "чўккан туя" шаклидаги табиий ёдгорликлар, Шовқий қабристони ва Қаландархона масжиди, Иштихон туманидаги Қорадарё соҳиллари, Шайхлар қўрғони, Пахтачи туманидаги Имом Баҳри Ота мақбараси, Добусия қалъаси харобалари, Жомбой тумани Холвойи қишлоғидаги зиёратгоҳ шулар жумласидандир. Ургут туманида, айниқса, бориб кўрадиган зиёратгоҳлар, сўлим жойлар анчагина. "Чор чинор" чинорлари ва булоқлар, Fавсул Аъзам, Хўжабтол ота, Миққиллоқ тош, Хўжа Омон (Хўжа Муҳаммад Абдулло Ал-Живлоний) зиёратгоҳи, Тешиктош, Қайнар, Ширвоғота дам олиш масканлари, "Тошқўй" табиий ҳайкали, Буғжаматош, Тошкелинчак, Гўримор табиий тош шакллари, Қайнарбулоқ, Роҳатбулоқ булоқлари кимни мафтун этмайди дейсиз.

Тойлоқ туманидаги Тойлоқ ота қўрғони, Бандикушон зиёратгоҳи ва бошқалар аллақачон ободонлаштирилиб, зиёратчиларни кутмоқда.
Юқорида таъкидланган туристик ёдгорликлар ҳақида аниқ тарихий-археологик маълумотлар ва рекламанинг йўқлиги туфайли бу муқаддас қадамжолар фақат маҳаллий аҳоли томонидан зиёрат қилинмоқда. Натижада ушбу тарихий обидаларимиз туризмни ривожлантиришда ҳали фойданилмаган катта салоҳият сифатида ўз ечимини кутиб турибди.
Бунинг учун ҳудудларда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган моддий маданий мерос объектларини аниқлаб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифлари асосида маҳаллий рўйхатларга киритиш лозим. Объектларнинг тегишли ҳужжатлари тўпланиб, белгиланган шаклда расмийлаштирилган ҳужжатлар тарихий-маданий экспертизадан ўтказишга юборилиши керак. Олинган экспертиза хулосаси асосида объектнинг рўйхатга киритилиши ҳал этилади. 

Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган "кичик Ҳаж" дастурини шакллантириш ва ҳудудларни 2019-2029 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг      туризмни ривожлантириш қисмини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳисобга олиш лозим, деб ўйлаймиз:
- ҳудудларда маданий мерос объектларининг маҳаллий рўйхатларини шакллантириш ва доимий янгилаб боришини таъминлаш;
- маҳаллий ҳокимият ва тегишли соҳа ходимлари билан ҳамкорликда минтақаларда жойлашган тарихий обида ва ёдгорликларга олиб борувчи инфратузилмани шакллантириш мақсадида уларнинг электрон хариталари, паспорт ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш;

- ҳудудларда жойлашган муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни туристик дастурларга киритиш чораларини кўриш, ушбу қадимий ёдгорликлар тарихи ва у ерда сақланиб қолган анъанавий маданиятни кенг тарғиб этиш;
- ҳудудлардаги ўрганилмаган тарихий обида ва ёдгорликларни туроператор ва бошқа тегишли мутахассислар билан биргаликда тадқиқ этиш ҳамда маълумотлар базасини яратиш; 
- туризм соҳасидаги олий ўқув  юртларидаги мутахассислик фанларини ўқитиш жараёнида худудларда жойлашган тарихий обида ва ёдгорликлар билан яқиндан таништириш бўйича амалий дарсларни ташкил қилиш; 
- туризм соҳасининг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти, ривожланиши натижалари, иқтисодий ва ижтимоий функциялари бўйича турли семинар-тренинглар ташкил қилиш ва бошқалар.

Искандар ТЎХЛИЕВ,
СамИСИ халқаро туризм ва туризм сервиси кафедраси мудири, иқтисод фанлари 
доктори.