Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар таълим тизимида ҳамкорликни йўлга қўяди

Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар таълим вазирларининг VII йиғилиши якунланди.

Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон фан ва таълим вазирликлари делегациялари қатнашган тадбирда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова туркий давлат ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги бундай учрашувлар 2012 йилдан буён доимий тарзда ўтказиб келинаётгани, ушбу икки кунлик йиғилиш туркий давлатларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқажагини эътироф этди.

Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев  таълим соҳасида келишилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлади:

- Биз кеча ва бугун учрашувлар доирасида Туркий давлатлар ўртасида мактабгача, мактаб ва олий таълим соҳаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Ушбу учрашувдан сўнг таълим вазирлари махсус дастурларни ишлаб чиқади. Олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро мобиллик алоқаларини мустаҳкамлаш, нуфузли олимпиадалар ўтказиш, стартап лойиҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали туркий халқлар тараққиёти янада ривожланади. Ҳамкорликда жаҳон стандартларига мос етук мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Тадбирда Ҳ.Умарова томонидан учта ташаббус илгари сурилди: Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, қардош мактаблар дастурларини батафсил концепцияси ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, туркий давлатлар ташкилоти ўртасида халқаро Ал-Хоразмий ёш математиклар олимпиадасини ўтказиш. Шунингдек, келгуси йил ушбу халқаро олимпиадани Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.

Шу билан бир қаторда, мазкур йиғилишда олий таълим муассасалари ўртасидаги Орхун алмашинув дастурининг ҳозирги ҳолати, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тармоқли университет таъсис этиш ҳамда кейинги йили мазкур тадбирда раислик қилувчи томон ва ўтказиш жойини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳар бир мавзу бўйича ўз муносабати ва фикрини билдирди. Ўзбекистон делегацияси таклиф этган барча ташаббуслар маъқулланиб, йиғилиш иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

 

Хуршида Эрназарова.