Туркий давлатлар ташкилоти: Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳасида ҳамкорлик бу давлатларга нима беради?

Ташкилотга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ягона платформани яратиш ва ундан фойдаланиш, аъзо давлатлар ўртасида агросаноат мажмуаларини мақсадли мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш борасида тажриба ва илғор амалиётларни алмашишни кенгайтиришга имкон беради.

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ҳасанов Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

Р.Ҳасановга кўра, ҳамкорлик йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг ишга солинмаган имкониятларни баҳолаш ва ТДТ аъзолари ҳамда кузатувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишда техник ҳамкорлик салоҳиятларидан самарали фойдаланиш, технологиялар алмашинуви орқали озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

– аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасида технологияларни етказиш ҳамда тажриба, илғор амалиётлар ва тегишли мосланувчанлик бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш;

– ўсимлик маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб, фармацевтика соҳасини хомашё билан таъминлаш даражасини ошириш;

– аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар савдосининг муқобил йўлларини излаб топиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг минтақалараро мақбул савдосини ошириш имкониятларини жорий этиш;

- Туркий давлатлар қишлоқ хўжалиги бозорида талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш мақсадида маҳсулот етиштириш ва бозорга таклиф этишнинг савдо балансини яратиш.

ТДТ Самарқанд саммитида якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, замонавий технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, инвестициялар жалб этиш, шунингдек, тажриба ва билим алмашиш, илғор амалиётларни қўллаш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида келишувлар амалга оширилади.